Президент ғалабалари. Миллатга қайтарилган ғолиблик, мардлик, жасурлик, дахлдорлик туйғулари…

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоларига” табригини ўқиб, ғоятда таъсирландим. Айниқса, самимий қутловнинг “Қадрли фарзандларим!” деб бошланиши эътиборимни ўзига тортди.
Ўша кунларда нафақат ватандошларимиз, балки дунё нигоҳи Ўзбекистон футболчиларига қаратилди.
Мамлакатимиз раҳбари ҳақли равишда таъкидлаганидек: “Аминман, бу тарихий ютуқ халқимизни эзгу мақсадлар йўлида янада бирлаштиради, минг-минглаб ёшларимиз учун илҳом манбаига, ибрат тимсолига айланади, Янги Ўзбекистоннинг халқаро обрў-эътиборини янада оширишга хизмат қилади”.
Миллат бирлашса, куч, ўзини англаса, қудрат, тарихини билса, мағрур, Ватанини таниган авлодлар пайдо бўлади.
Бу ҳақиқатни 17 ёшида Ватан шарафини ҳимоя қилган, Осиёда тенгсизлигини намоён этган фарзандларимизнинг жасорати ҳам тасдиқлаган эди. Улар юксак соврин – Осиё кубогини қўлга киритганида қалбимиз фахр-ифтихорга тўлди, бошимиз кўкка етди.
Бу Янги Ўзбекистон меъмори – Шавкат Мирзиёев томонидан эъзозланган, тарбияланган ниҳолларнинг илк тотли меваси эди. Бу авлодни қайтарадиган куч, йўлига чиқадиган мард бутун Осиёда топилмади. Президент Шавкат Мирзиёевнинг 17 ёшли фарзандлари Осиёда тенгсиз эканликларини намойиш қилди.
Ўша кунларда хаёлимдан бир фикр ўтди: бундай жасоратга, матонатга фақат Ватанни таниганлар эга бўлади.
17 ёшида Ватанни таниш бахтига муяссар бўлган болаларга ҳaвасим келди.
Ўзбекистонда бугун Ватан туйғусини англаб етган авлодлар шаклланмоқда, тарбияланмоқда.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев ҳар гал уларга "фарзандим" деб мурожаат қилади.
Президентдан "фарзандим" сўзини эшитиш энг катта бахт бўлса керак.
Миллатни бир мақсад йўлида бирлаштириш улкан машаққат.
Президентимиз миллатга айнан мана шу туйғуни англатди. Бу ғалабалар — Президент ғалабалари.
“Париж – 2024” Олимпиадасида Ўзбекистон эришган ютуқлар ўзининг салмоғи, мавқеи билан рекорд даражага етганди.
Тўғрисини тан олиш керак, биз йиллар давомида миллат, мамлакат манфаати нима эканлигини англамадик, бу туйғулардан анча узоқда эдик. Узоқлаштирилгандик.
Президент халқ билан биргаликда қувонса, мўъжиза содир бўларкан. Халқ ўз ортида Президент турганлигини билиши, англаши жуда юксак туйғу экан. Бугун Президент халқимизга мана шу туйғуларни бера олди. Бутун халқни бир мақсад йўлида бирлаштиролди.
Менинг фикримча, спортдаги барча ғалабалар замирида мана шу ҳақиқат мужассамлашган.
Ғалаба устига ғалаба, ютуқ ортидан ютуқ...
Халқ ғалаба нашидаси нима эканлигини англаб етди. Шахсан Президент бу ғалабаларни кенг нишонлаётгани, халқ билан бирга қувонаётгани спортчиларимиз кучига куч қўшмоқда.
Олимпиадада илк олтин медални қўлга киритган Диёра Келдиёрованинг онаси Дилором Шарипова шундай ёзади: “Қизим Диёра Келдиёрова "Париж – 2024" олимпиадаси олтин медалини қўлга киритди.
Диёрани ғалаба билан биринчи бўлиб Президентимиз Шавкат Мирзиёев табриклади.
Юрт отаси, тунги вақт бўлишига қарамасдан, қизимнинг финал учрашувини кўриб, муборакбод этди.
Президентимиз Диёра билан фарзандим, қизим деб гаплашганида, ота-онангни мени номимдан табрикла деганида кўзимга ёш келди.
Она учун бундан ортиқ бахт борми?
Қизимнинг ютуғидан бир қувонган бўлсам, Президентимиз ғамхўрлигидан минг қувондим. Бошим осмонга етди.
Президентим билан фахрланаман...”.
Спорт ғалабалари халқнинг руҳини кўтаради. Халқда курашувчанлик, миллий ғурур, ёвқурлик, жасорат, матонат туйғуларини уйғотади. Ҳеч бир соҳа миллатни, мамлакатни спортчалик тез танитмайди.
2016 йилдан бошлаб спорт соҳасида Ўзбекистон эришган ютуқлар барчани, ҳатто халқаро экспертларни ҳам ҳайратга солмоқда.
Президентнинг спортга қизиқиши, спортчини қадрлаши, тренер ва устоз - мураббийларни ардоқлаши, рағбатлантириши жуда катта ютуқларга сабаб бўлди.
Миллатда ғолиблик туйғуси пайдо бўлди. Мана шу мақсад барчани ўз атрофида жамлади.
Бугун Ўзбекистон спорт соҳасида нафaқат Марказий Осиё ёки бутун Осиёда, балки жаҳонда ўз сўзини айтяпти. Бунга тарихан жуда қисқа — 9 йилда эришилди.
Президентдан намуна олган халқ спортчиларни якдиллик билан қўллаб-қувватламоқда, уларни «юрт қаҳрамонлари» деб эълон қилмоқда, бошига кўтармоқда, фахрланмоқда.
Жаҳон ареналарида Ўзбекистон номи янграмоқда. Ўзбекистон байроғи кўтарилмоқда. Ўзбекистон мадҳияси таралмоқда. Бу жаҳон спортига шу пайтгача маълум бўлмаган янги руҳ, янги куч, тоза қон, Янги Ўзбекистон кириб келганлигини кўрсатади, англатади.
Яқинда қирғизистонлик депутатнинг сўзларини эшитиб қолдим: “Ўзбекистонда кейинги 10 йилда шунчалик кўп спорт иншоотлари қурилдики, бугун Ўзбекистон жуда кўплаб халқаро спорт мусобақаларига мезбонлик қилмоқда. Ўзбекистонлик спортчилар жаҳон ареналарида биринчиликни қўлдан бермасдан, ҳисобсиз медалларни қўлга киритмоқдалар…”.
Бу эътироф замирида Президентимизнинг машаққатли меҳнатлари, эътибор ва ғамхўрликлари бор.
2026 йилда АҚШ, Мексика ва Канада давлатларида бўлиб ўтадиган Жаҳон чемпионатида футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси бутун Марказий Осиё минтақасининг биринчи ва ягона вакили бўлишдек юксак шарафга муяссар бўлди.
Ўзбекистон футболи ўзининг бир асрдан ортиқ тарихи давомида бундай мартабага биринчи марта эришди.
Халқимиз қувончининг чегараси йўқ. Бу биз кутган ғалаба эди. Бу бизга ўзини куттирган ғалаба эди. Бу бизни соғинтирган ғалаба эди. Биз бу ғалабага Президентимизнинг ишончи, эътибори, меҳри туфайли эришдик.
Умуммақсад нима? Умумқудрат-чи, умумшодлик, умумбахт-чи?
Миллат дастлаб мустабид тузум даври ва мустақилликнинг чорак асрида биргаликда курашишдан, ҳамфикр бўлишдан маҳрум қилинган эди. Ҳатто биргаликда қувониш нима эканлигини ҳам унутиб қўйгандик.
Нақадар бахтсиздир, нақадар гўлдир
ягона қўшиғи бўлмаган халқлар...
Ўзбекнинг буюк шоирларидан бири Шавкат Раҳмоннинг ушбу сатрларида олам-олам маъно мужассамлашган.
Нафақат ягона қўшиғи, балки ягона мақсади бўлмаган халқ ҳам ғолиб бўлолмайди. Курашларда енголмайди. Умумқувонч туйғусидан бебаҳра ўтади.
Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси эришган ютуқнинг салмоғи баланд. Энди миллиардлаб футбол ишқибозлари нигоҳида Ўзбекистон намоён бўлади, гавдаланади. Ўзбекнинг шон-шуҳрати янада юксалади.
Олға, Ўзбекистон!
Рустам Холмуродов,
Самарқанд давлат университети ректори, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, Олий Мажлис Сенати аъзоси.