Президент: “Ҳудудларда интернет сифати ва тезлиги пастлигича қолмоқда”

Президент ҳузурида Ахборот технологиялари вазирлигининг фаолияти ва 2022 йилдаги режалари муҳокамасига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтмоқда.

Таъкидланганидек, 2017 йилда IT соҳаси экспорти ҳажми бор-йўғи 600 минг доллар бўлган бўлса, ўтган йили бу кўрсаткич 46 миллион долларга етди.

Жорий йилнинг биринчи чорагида IT хизматлари экспорти 16 миллион долларни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан қарийб 4 баробар ошган. Жойларда қўшимча 2 минг 800 та мобиль алоқа станциялари ўрнатилган (3 баробар кўп). IT-парк томонидан 1,5 минг ёшлар иш билан таъминланиб, умумий сони 11,5 минг нафарга етган.

Шу билан бирга соҳадаги камчиликлар танқид қилинди.

“Тараққиёт стратегиясида рақамли иқтисодиётни "драйвер" соҳага айлантириб, IT хизматларини 2,5 баробар ошириш ва экспортни 500 миллион долларга етказиш бўйича катта-катта мақсадларни қўйдик.

Бир нарсани аниқ тушуниш керак. Ушбу соҳа ривожланмаса, бошқа бирор бир тармоқ олдинга юрмайди”, деди давлат раҳбари.

Соҳада ечимини кутаётган муаммолар ва ишга солинмаган имкониятлар ҳали кўплиги қайд этилди. Жумладан:

- ҳудудларнинг оптик толали интернет билан қамраб олиш даражаси паст - 72 фоиз;

- 118 та олис қишлоқларга алоқа тизими ва интернет умуман етиб бормаган. Шунингдек, магистрал автомобиль йўлларнинг атиги 38 фоизи мобил интернет билан қамраб олинган. Умуман, ҳудудларда интернет сифати ва тезлиги пастлигича қолмоқда;

- “Ўзбектелеком”нинг даромадлари ва самарадорлиги бошқа мамлакатлар коммуникация компанияларидан анча паст.

Президент ечимини кутиб турган яна бир нечта муаммони санаб ўтди.

Хусусан, “Рақамли Ўзбекистон – 2030” дастури доирасида вазирлик ва тармоқларнинг 11 та лойиҳаси кечикмоқда.

Жумладан, Транспорт ва Молия вазирликларида – 3 тадан, Инвестиция, Соғлиқни сақлаш вазирликлари, Кадастр агентлиги, Миллий банк, “Ўзагросуғурта”да – 1 тадан.

Бугунги кунда айрим вазирлик ва идоралар эски, ишончсиз ва ўзаро интеграция қилинмаган ахборот тизимларидан фойдаланиб келмоқда.

Бундан ташқари, ҳудудларда IT соҳасини ривожлантириш бўйича ишлар бир маромда эмас. IT хизматларининг 90 фоизи Тошкент шаҳрига тўғри келади. Энг оғир ҳолат Қорақалпоғистон, Андижон ва Сурхондарёда.

Шу билан бирга, 46 та ҳудудий лойиҳа ижроси кечикмоқда.