Президент: "Ҳунармандчилик, тикувчилик, косибчилик, қандолатчилик каби лойиҳаларни маҳалланинг ўзида кенгайтириш керак"

Шу муносабат билан бир ой муддатда саноат, ҳунармандчилик ва касаначилик микро марказларини 700 та ихтисослашган маҳаллада ташкил этиш ишларини бошлаш бўйича топшириқ берилди.

Бу марказларнинг 70 таси ишсизлик даражаси юқори бўлган маҳаллаларда очилиши зарур. Ушбу марказлардан 5 йил муддатда ер ва мол-мулк солиғи ундирилмайди.

Жорий йилда бу мақсадларга 500 миллиард сўм йўналтирилади, ушбу саноат марказлари орқали 50 минг нафар аҳоли бандлиги таъминланади.

Яна бир масала – йил бошидан буён ҳоким ёрдамчилари томонидан 5 мингга яқин бўш бинолар аниқланди. Ҳоким ёрдамчилари аниқлаган бўш бино-иншоотларни сотиш, ижарага беришдан тушган маблағлар ушбу маҳалланинг инфратузилмасини ривожлантиришга сарфланиши белгиланди.

“Умуман, йил якунига қадар бўш бино қолиши керак эмас”, деди Президент.