Президент Коррупцияга қарши курашиш агентлиги фаолиятидан мутлақо норозилигини айтди

Агентлик ходимлари вазирликларга, ҳудудларга бориб, аниқ бир соҳани таҳлил қилиб, муаммоларга ечим бериш ўрнига, қўзғатилган жиноят ишларини санайдиган қуруқ статист бўлиб қолгани қайд этилди.

Агентлик раҳбарияти коррупция ҳолати энг кўп бўлган туман соғлиқни сақлаш, бандлик бўлими ёки банк филиалига бориб, ҳолатни ўрганмагани, янги замонавий тизим бўйича таклиф бермагани кўрсатиб ўтилди. Ушбу соҳаларнинг бевосита раҳбарларининг ўз тизимини “коррупциядан холи” қилиш ишлари сустлиги танқид қилинди.

Президент топшириғи билан инвестиция дастурлари устидан назорат кучайтирилганидан кейин ўтган йилни ўзида 3 триллион сўм иқтисод бўлди. Ёки соғлиқни сақлаш тизимида “Ситуацион марказ” ишга туширилгани ҳисобига 2024 йилда 1,2 триллион сўмлик мақсадсиз харажатларнинг олди олинди.

“Лекин, нега бу ишлар Президент топшириқ берганидан кейин бошланиши керак?”,
- дея савол қўйди давлатимиз раҳбари.

Парламентдаги бюджет қўмиталарида ҳам ҳар йили бюджетдан энг кўп маблағ оладиган 3 та вазирликка бориб, коррупциявий омилларни аниқлашда ва ўзгариш қилишда ташаббускорлик етишмаётгани қайд этилди.