Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Президент қарори: 2023-2025 йилларда 120 минг гектар экин майдонлари очиқ электрон танлов орқали аҳолига ижарага берилади

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

Мамлакатда озиқ-овқат хавфсизлигини ва ички бозорларда нархлар барқарорлигини таъминлаш ҳамда аграр соҳада аҳолининг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш орқали уларнинг даромадларини ошириш, шунингдек, “Бир ҳудуд – бир маҳсулот” тамойили асосида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришни кенгайтириш ҳамда экспорт салоҳиятини ошириш мақсадида:

1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 23 ноябрдаги “Мева-сабзавотчилик ва узумчиликда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришида деҳқон хўжаликларининг улушини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ–20-сон қарорига мувофиқ, фермер хўжаликлари ва кластерлар фойдаланишидаги паст ҳосилли пахта ва ғалладан қисқартирилган ва аҳолига узоқ бўлмаган ҳудудлардан:

2022 йилда 80 минг гектар экин майдонларини;

2023-2025 йилларда 120 минг гектар экин майдонларини аҳолига очиқ электрон танлов орқали ижарага бериш белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

2. Белгилансинки, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда фермер хўжаликлари ҳамда кластерлар фойдаланишидаги пахта ва ғалладан қисқартирилган ҳамда аҳоли пунктларига яқин ва сув таъминоти яхши бўлган ерлардан 2022 йил якунига қадар қўшимча 20 минг гектар – умумий 100 минг гектар экин майдонлари, 2023 йилда 95 169 гектар экин майдонлари 1 – 1.13-иловаларга мувофиқ аҳолига очиқ электрон танлов орқали ижарага берилади.

Бунда:

а) экин майдонлари фуқароларга 30 йил муддатга:

сув таъминоти яхши бўлган ерлардан – Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларида 0,15 гектардан 1 гектаргача, бошқа вилоятларда 0,30 гектардан 1 гектаргача ҳамда Қорақалпоғистон Республикасида 0,30 гектардан 2 гектаргача бўлган ўлчамларда;

кам сувли ерлардан – вилоятларда 0,50 гектардан 1 гектаргача ҳамда Қорақалпоғистон Республикасида 0,50 гектардан 2 гектаргача бўлган ўлчамларда ижарага берилади;

б) 2022-2023 йилларда деҳқон хўжалиги юритиш мақсадида экин майдонларини аҳолига бериш учун ташкил этиладиган очиқ электрон танловда 1 нафар талабгор иштирок этган тақдирда, истисно тариқасида, танлов ўтказилган ҳисобланади;

в) иссиқхона тармоғи кенг ривожланган туманларда деҳқон хўжаликларига ажратиб берилган экин майдонларида иситиш тизимларини ўрнатмаган ҳолда енгил конструкцияли иссиқхоналар қурилишига рухсат берилади.

3. Шундай тартиб жорий этилсинки, унга мувофиқ:

Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган аҳолига деҳқон хўжалигини юритиш учун ер участкалари очиқ электрон танлов орқали ижарага берилганда, мазкур хатбошида назарда тутилаётган шахслар юқоридаги дафтарлардан чиқарилмайди ва улар учун қонунчиликда белгиланган барча имтиёз ва преференциялар бир йил муддатга сақлаб қолинади;

имтиёз ва преференцияларнинг бир йиллик амал қилиш муддати деҳқон хўжалигини юритиш учун ер участкасига бўлган ижара ҳуқуқи давлат рўйхатидан ўтказилган кундан бошлаб ҳисобланади.

4. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, туманлар (шаҳарлар) ҳокимликлари Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (А.Воитов, Х.Каримов) ва Кадастр агентлиги (Ф.Пулатов) билан биргаликда:

а) бир ой муддатда 2022 йилда аҳолига қўшимча тарзда очиқ электрон танлов орқали ижарага бериладиган 20 минг гектар экин майдонларининг, 2023 йил 1 январга қадар 2023 йилда аҳолига очиқ электрон танлов орқали ижарага бериладиган 95 169 гектар экин майдонларининг аҳоли пунктларига яқин, сув таъминоти яхши бўлган ерлардан танланиши ва туман (шаҳар) ҳокимликларининг захирасига белгиланган тартибда қайтарилиши ва давлат мулки сифатида давлат рўйхатидан ўтказилишини;

Бунда, ер участкаларига эгалик қилиш ҳуқуқи ёхуд ундан доимий ёки муддатли фойдаланиш ҳуқуқининг бекор қилиниши Ер кодексининг 36-моддасида белгиланган ҳолларда, жумладан, ер участкасидан оқилона фойдаланилмаганда, ушбу қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар учун ҳосилдорлик даражаси уч йил мобайнида нормативдан (кадастр баҳосига кўра) паст бўлишида ифодаланганда, ер участкасидан тупроқ унумдорлиги пасайишига, унинг кимёвий ва радиоактив моддалар билан ифлосланишига, экологик вазиятнинг ёмонлашувига олиб келадиган усуллар билан фойдаланилган тақдирда, амалга оширилади;

б) захирага олинган ер участкаларини давлат мулки сифатида давлат рўйхатидан ўтказиш ишлари туман (шаҳар) ҳокимликлари буюртмасига асосан амалга оширилишини, бунда давлат рўйхатидан ўтказиш ишлари Қорақалпоғистон Республикаси бюджети ва вилоятлар маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан молиялаштирилишини;

в) давлат мулки сифатида давлат рўйхатидан ўтказилган экин майдонларининг сув таъминоти яхши бўлган ерларда – Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларида камида 0,15 гектарга, бошқа ҳудудларда камида 0,30 гектарга ҳамда кам сувли ерларда камида 0,5 гектарга тенг бўлган ҳажмларда лотларга ажратилиб, бир ой ичида очиқ электрон танловга қўйилишини;

г) экин майдонларини танлаш ва лотларга ажратиш ишларида маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича туман (шаҳар) ҳокимлари ёрдамчиларининг иштирокини ҳамда улар томонидан билдирилган таклифлар инобатга олинишини;

д) ер тўғрисидаги қонунчилик ва ижара шартномаси талаблари бажарилмаганда, жумладан, ижарага берилган ер участкасидан оқилона фойдаланилмаганда, талабгор томонидан очиқ электрон танлов орқали ернинг ижара ҳуқуқини ютиб олиш учун олинган қўшимча мажбуриятлар бажарилмаганда, ерга бўлган ҳуқуқ Ер кодекси ва “Деҳқон хўжалиги тўғрисида”ги Қонунга асосан бекор қилиниши ҳақида деҳқон хўжаликлари аъзолари орасида тушунтириш ишлари олиб борилишини таъминласин.

Мазкур бандда белгиланаётган топшириқлар ижросини ўз вақтида таъминламаган Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва туманлар (шаҳарлар) ҳокимлари қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгарликка тортилиши ҳақида огоҳлантирилсин.

5. Бош вазир ўринбосари Ш.М.Ғаниев, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (А.Воитов, Х.Каримов), Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва туманлар (шаҳарлар) ҳокимлари:

2022 йил якунига қадар қўшимча 20 минг гектар, 2023 йилда 95 169 гектар экин майдонларини очиқ ва шаффофликни таъминлаган ҳолда деҳқончилик кўникмаларига эга бўлган, шу жумладан, Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган аҳолига ажратсин;

мазкур майдонларга Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш агентлиги тавсиясига асосан, ҳудудлар эҳтиёжлари учун зарур бўлган ва экспортбоп қишлоқ хўжалиги экинлари экилишини таъминласин. Бунда, сабзавотполиздуккаклимойли ва картошка экинларини интенсив усулда экишга алоҳида эътибор қаратилсин;

маҳсулот етиштирувчиларга қишлоқ хўжалиги экинларини етиштириш учун зарур бўлган моддий-техник ресурслар, шу жумладан, уруғликкўчатминерал ўғит ва кимёвий воситалар етказиб бериш, шунингдек, зарурий агротехник хизматлар кўрсатиш ишларини ташкил этсин;

агросаноат кластерлари, тайёрлов, қайта ишлаш ва экспорт қилувчи корхоналарни жалб қилган ҳолда етиштирилган тайёр маҳсулотни харид қилиш, уни қайта ишлашсақлашички ва ташқи бозорларга йўналтириш чораларини кўрсин;

Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги (И.Эргашев) билан биргаликда экин майдонларида зараркунандалар ҳамда касалликлар тарқалишининг олдини олиш мақсадида тизимли кузатувларни ташкил этиб, деҳқон хўжаликларига экинларни ҳимоя қилиш хизматлари ўз вақтида кўрсатилишини таъминласин;

қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини йиғиш, ташиш, сақлаш, қайта ишлаш ва сотишнинг барча босқичларини қамраб олган кичик агрологистика марказлари фаолиятини йўлга қўйиш чораларини кўрсин.

Бош вазир ўринбосари Ш.М.Ғаниев, қишлоқ хўжалиги вазири А.Б.Воитов, Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш агентлиги директори Х.М.Каримов мазкур чора-тадбирларни ўз вақтида ва самарали ташкил этиш устидан доимий мониторинг ўрнатиб, амалга оширилган ишлар ҳақида ҳар ойда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига ахборот киритиб борсин.

6. Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги (А.Ходжаев), Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси (А.Хаджаев), Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги (А.Кўчимов) Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (А.Воитов) билан биргаликда мазкур қарорнинг мазмун-моҳияти ҳамда мақсад ва вазифаларининг оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилишини таъминласин.

7. Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига 2-иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.

8. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

9. Ушбу қарорнинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб қишлоқ хўжалиги вазири А.Б.Воитов, Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги директори М.М.Убайдуллаев ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ва вилоятлар ҳокимлари белгилансин.

Қарор ижросини муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Бош вазир ўринбосари Ш.М.Ғаниев зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси

             Президенти                                                       Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри,

2022 йил 10 сентябрь