Президент қарорлари — ҳаётда ва назоратда

Халқимизда “Уйи борнинг ўйи бўлмайди”, деган мақол бор. Бу бежиз айтилмаган. Зеро, одамларнинг уй-жой билан таъминланганлик даражасидан қониқиш ҳисси эртанги кунга бўлган ишончни оширса, бошқа томондан турмуш фаровонлигига хизмат қилиб, оилавий саодатга элтади.
Ўзбекистон-Финландия педагогика институтида ўқитувчи бўлиб ишлаётган Элдор Абдураимов ёш оилалардан. 3 нафар фарзандни вояга етказаётган оила қарийб 10 йил ижарада яшашига тўғри келган. Уй-жойли бўлиш орзуси уларни ҳатто бир муддат бўлсин тарк этган эмас. Молиявий муаммолар сабаб ўз уйи бўлмагач, фарзандлари билан шу пайтга қадар у манзилдан бу манзилга кўчиб яшади. Расмий даромади етарли бўлмаган аҳолига ҳам ипотека кредити олиш имкони яратилгани Абдураимовлар оиласи каби топиш-тутиши яхши бўлса-да, расмий даромади кам ёки умуман бўлмаган юртдошларимиз учун қулайлик яратди. Қаҳрамонимиз ҳам субсидия асосида 3 хонали хонадон харид қилиб, бугун ушбу масканда оиласи билан тотувликда яшаб келмоқда.
Уларнинг тўлов қобилиятини аниқлашда банк картасидаги айланма, ижара, коммунал ва бошқа харажатларга тўланган пуллари ҳам ҳисобга олинадиган бўлди. Бундай эҳтиёжмандларнинг дастлабки бадални кўпроқ тўлаб, арзонроқ кредит олиш имкониятига эга бўлиши ҳам муҳим воқелик бўлди. Бундан ташқари, субсидиянинг муддати қисқартирилиши, белгиланган муддатда субсидия сертификатидан фойдаланмаган фуқароларга субсидия олиш учун яна қайта мурожаат қилиш ҳуқуқи берилиши, бунинг учун жорий йилда ипотека кредитлари бўйича дастлабки бадал ва фоиз тўловларининг бир қисмини қоплаш учун субсидиялар сонини 1,5 бараварга ошириш ва мазкур мақсадларга Давлат бюджетидан 2,5 триллион сўм йўналтирилиши юртимизда ҳар бир инсон, унинг ҳаёти қадрланишининг амалдаги ифодасидир.
Аҳолини уй-жой билан таъминлаш бўйича замонавий тизим яратилиб, давлат раҳбари бошчилигида бу борада олиб борилаётган ислоҳотларнинг кўламли ва қамрови ғоят кенгайиб бормоқда. Жорий йилдан бу ишлар янги босқичга олиб чиқилди. Сўнгги йилларда аҳоли сони йилига қарийб 800 минг нафарга, янги оилалар сони эса 300 мингтага ортаётгани уй-жойга бўлган талабни қондириш бўйича ишларни жадаллаштиришни тақозо этмоқда. 2025 йил 21 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан имзоланган “Уй-жой ва ипотека бозорини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармон янги Ўзбекистонни улкан қурилиш, бунёдкорлик майдонига айлантирди.
Таҳлилларга тўхталсак, сўнгги 5 йилда умумий майдони 21,7 миллион метр квадрат бўлган кўп квартирали уй-жойлар барпо этилиб, аҳолининг уй-жой сотиб олишига кўмаклашиш учун 67 триллион сўмлик ипотека кредитлари ажратилди ҳамда ушбу мақсадларга давлат бюджетидан 44 триллион сўм йўналтирилди. Даромади юқори бўлмаган 64 минг нафардан ортиқ фуқарога 3,5 триллион сўмдан ортиқ субсидия маблағлари тўлаб берилди. Бу борада вилоятимизда ҳам салмоқли натижалар бор.
Нарпайлик Улуғбек Назаров Самарқанд давлат чет тиллар институтида меҳнат фаолиятини бошлади. Лекин ҳаётнинг бошланғич босқичида ҳар бир инсоннинг кўнглида табиий истак — ўз уйига, тинч ва фаровон ҳаётга эга бўлиш орзуси ётади. Улуғбек Назаров ҳам оила қургач, икки фарзанди учун мустаҳкам, тинч ва шинам хонадон олишни ният қилганди. Аммо олий таълимдан кейин мустақил ҳаётга қадам қўйган, жамиятда ўрнини энди топган оила вакилларида бошланғич тўлов муаммоси кўндаланг турарди. Бундай пайтда давлатимизнинг инсонпарварлик сиёсати — уй-жойга муҳтожларга қаратилган имтиёзли дастурлар унинг ҳаётида янги саҳифани очди. Президентимиз ташаббуси билан амалга оширилаётган субсидия асосида уй-жой тақдим этиш сиёсати нафақат Улуғбек Назаров, балки юзлаб, минглаб меҳнаткаш фуқароларнинг ҳаётини тубдан ўзгартирмоқда. Улуғбек бу имкониятдан фойдаланиб, давлат томонидан кўрсатилаётган субсидия асосида икки хонали янги уйга эга бўлди. Энди у ўз фарзандлари билан тинч ва шинам хонадонда яшамоқда.
Қайд этиш жоизки, Самарқанд вилоятида давлат дастурлари асосида 2024 йил мобайнида 11 мингдан ортиқ хонадонли 153 та кўп қаватли уй-жойлар қурилиб, фойдаланишга топширилган. Жорий йилда эса вилоят ҳудудида Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Уй-жой ва ипотека бозорини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» Фармонига асосан, жами 750 минг метр квадратдан иборат 12500 хонадонли 179 та уй-жойларни қуриш белгиланган. Жумладан, “Янги Ўзбекистон” массивларида 65 та 4781 хонадонли, талаб юқори бўлган бошқа ҳудудларда 114 та 7719 хонадонли уй-жойлар қурилиши режалаштирилган бўлиб, 56 та 4351 хонадонли уй жойлар реновация асосида қурилмоқда. Ҳозиргача 645 хонадонли 11 та уй-жой фойдаланишга топширилди. 2025 йилда ипотека кредитлари бўйича субсидия олиш учун фуқаролардан келиб тушган аризалар асосида 3 431 та фуқарога субсидия тақдим этилди.
Таъкидлаш керакки, жорий йилда бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитлари орқали аҳолини уй-жой билан таъминлаш дастури асосида ҳудудларда жами 8,1 миллион метр квадратдан иборат 135 минг квартирали уй-жойларни қуриш, уй-жой ва ипотека бозорини молиявий ресурслар билан таъминлаш учун 20,9 триллион сўм миқдоридаги ипотека кредитларини ажратиш, «Янги Ўзбекистон» ва бошқа массивларда кўп квартирали уй-жойларни барпо қилишда иштирок этадиган қурилиш ташкилотларини айланма маблағлар билан таъминлаш учун давлат бюджетидан 700 миллиард сўм ҳамда тижорат банкларининг ўз маблағлари ҳисобидан 3,0 триллион сўм миқдоридаги маблағларни йўналтириш кўзда тутилган.
Жорий йилда мамлакатимизда 120 минг хонадонли кўп қаватли уй қурилиши режалаштирилган. Бу уйларда “яшил” энергиядан фойдаланилади.
Асосийси, бу орқали шу ҳудуддаги одамларнинг дунёқараши ўзгаради, турмуш тарзи тубдан яхшиланади, иш ўрни кўпайиб, иқтисодиёт ривожланади.
Бу йил уй-жой дастурларини молиялаштиришга бюджетдан 15 триллион 500 миллиард сўм ажратилиши кўзда тутилган. Банклар томонидан бунга қўшимча 10 триллион сўм, “Ипотекани қайта молиялаштириш компанияси” томонидан 2,3 триллион сўм йўналтирилади. Бунинг ёрдамида 70 мингта хонадоннинг ипотека кредити орқали сотилишига шароит яратилади. Шундан 30 минг хонадон, бошланғич бадалига бюджетдан субсидия тўланган ҳолда, даромади юқори бўлмаган оилаларга берилади.
Мақсуд Қурбонов,
вилоят адлия бошқармаси бошлиғи ўринбосари.