Президент совғаси - порлоқ келажакка умид нишонаси

Самарқанд шаҳридаги "Диёра" базмгоҳида ўтказилган асосий тадбирда мурғак қалбларга қувонч улашилиб, ёш авлодга давлатимиз томонидан кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликлар эътироф этилди. Тадбирга меҳрибонлик уйлари, мактаб-интернатлари, SOS болалар маҳалласи тарбияланувчилари, Ватан сарҳадларини қўриқлаб, юртимиз ва халқимиз тинчлиги йўлида ҳалок бўлган ички ишлар идоралари ходимлари, ҳарбий хизматчилар фарзандлари, ота-она қаровисиз қолган 980 нафар болажонлар таклиф этилиб, уларга Юртбошимиз номидан 12 номдаги ўқув қуроллари, 15 хил ширинликлардан иборат совғалар улашилди.
Вилояти ҳокими Т.Жўраев, Вазирлар Маҳкамаси вакили Ф.Мирзаев тадбир иштирокчиларини Янги йил байрами билан табриклади. Мамлакатимизда ёш авлоднинг ҳар томонлама соғлом ва баркамол улғайиши, замонавий таълим-тарбия олиши учун барча имконият яратилгани таъкидланди.
Тадбирда Қорбобо ва Қорқиз, турли эртак қаҳрамонлари иштирокидаги томошалар, бахтли болалик, гўзал диёримиз мадҳ этилган қўшиқлар болаларга бир олам қувонч  бағишлади.
– "Президент арчаси" биз учун Янги йилнинг энг эсда қоларли, қувончли байрами, – дейди Самарқанд шаҳридаги 10-Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиси Шахрам Жалилов. – Бугун байрамона безатилган ажойиб арча, тўкин дастурхон атрофига йиғилиб, Президентимизнинг махсус совғасини олганимдан жуда мамнунман. Бу Юртбошимизнинг, бизга кўрсатаётган оталарча ғамхўрлиги намунасидир. Ушбу эътиборга жавобан кириб келаётган янги йилда аъло баҳоларга ўқишга, Ватанга муносиб фарзанд бўлишга ҳаракат қиламан.

Абдуғофур ШЕРХОЛОВ,
Бахтиёр Мустанов (фото).