Президент совғаси – Самарқанд шаҳри ўқувчиларида

Мазкур спорт мусобақаларининг бу галги қуйи босқичлари ҳам вилоятда уюшқоқлик билан ўтказилди. 2017-2018 йиллар давомида вилоятдаги 1200 та умумтаълим мактабининг 474 минг нафардан ортиқ ўқувчилари беллашувларда ўз маҳоратини намоён этдилар.
Мусобақанинг туман, шаҳар босқичларида ғолибликни қўлга киритган 3500 нафардан кўпроқ ўқувчилар, жумладан, 1200 нафар қизлар жорий йилнинг март ойида вилоят босқичида 21 спорт тури бўйича ўз иқтидори ва ғалабага интилишини кўрсатишди. Қизғин курашларга бой беллашувлар якунига кўра, Самарқанд шаҳри вакиллари умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгалладилар. Иккинчи ўрин Ургут тумани, учинчи ўрин Булунғур тумани жамоаларига насиб этди.
Тантанали маросимда мусобақа ғолиби – Самарқанд шаҳри жамоасига Президент совғаси – "Дамас" автомашинаси топширилди. Ургут ва булунғурлик спортчи-ўқувчилар ҳам "Умид ниҳоллари" кубоги, диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирландилар.
Тадбирда самарқандлик спортчиларнинг кўргазмали чиқишлари, шунингдек, таниқли санъаткорлар ва истеъдодли ёшларнинг концерт дастури намойиш этилди.
Маросимда вилоят ҳокимининг ўринбосари Р.Қобилов cўзга чиқди.
Бахтиёр МУСТАНОВ.