Президентликка номзод Мақсуда Ворисованинг ишончли вакили сайловчилар билан учрашди
Ўзбекистон Халқ демократик партияси вилоят ва Самарқанд шаҳар ташкилоти томонидан ташкил қилинган тадбир Пушкин номидаги вилояти ахборот-кутубхона марказида бўлиб ўтди.
Мақсуда Ворисованинг ишончли вакили - Ўзбекистон Халқ демократик партияси вилоят Кенгаши раиси Бадриддин Насриев йиғилганларни номзоднинг таржимаи ҳоли ва сайловолди дастури билан таништириб ўтди.
- Мақсуда Ворисова исм-шарифи сиёсий майдонда тез-тез тилга олиниб келинаётганига анча бўлди, - деди Б.Насриев. – Муҳими, у депутат сифатида жамият ҳаётида юз бераётган жараён ва воқеликларга биринчилардан бўлиб муносабат билдиряпти. Шунингдек, нима қилсак одамларнинг яшаш шароити енгиллашади, қайси қонунни жорий этсак янада яхши бўлади, деб тинимсиз изланяпти.
Учрашувда сўзга чиққан Самарқанд шаҳридаги 28-умумий ўрта таълим мактаби директори Муқаддас Сатторова, Ўзбекистон ногиронлар жамияти вилоят бўлими раиси Дилмурод Пардаев номзоднинг сайловолди дастурида кўрсатиб ўтилган ташаббусларни қўллаб-қувватлади.
Мулоқот давомида Б.Насриев сайловчилар томонидан берилган саволларга батафсил жавоб қайтарди.