Профессионал таълимда янги ташаббуслар – интеграция ва инновациялар

 

Самарқанд шаҳрида вилоятда иш ва таълим берувчилар интеграцияси инновацион форуми ўтказилди. Унда олий ўқув юртлари, профессионал таълим муассасалари раҳбарлари, иш берувчилар, коллеж ва касб-ҳунар мактаблари ўқувчилари иштирок этди.

Бугун Ўзбекистонда кенг миқёсли ислоҳотлар самараси ўлароқ, иқтисодиётнинг барча тармоқлари жадал ривожланиб бормоқда. Бутун мамлакат бўйлаб янги ва замонавий ишлаб чиқариш корхоналари ишга туширилиб, йирик ижтимоий, технологик инфратузилма ривожлантирилмоқда.

Шубҳасиз, яратилаётган янги ва замонавий иш ўринлари малакали ўрта бўғин мутахассисларига бўлган талабни оширмоқда. Чунки ҳар бир соҳанинг ривожи, лойиҳаларнинг ижроси айнан етук кадрларга боғлиқ.

Шунинг учун ҳам мамлакатимиз Президенти томонидан қабул қилинган “Умумий ўрта, ўрта махсус ва касб-ҳунар таълими тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармон ҳамда қарорда илғор хорижий мамлакатлар тажрибаси асосида касб-ҳунар таълими тизимини тубдан такомиллаштириш, касб-ҳунар таълими миллий стандартларини халқаро таълим андозаларига, халқаро малака талабларига мувофиқлаштириш, бутунлай янги, самарали тизимга айлантириш вазифаси белгиланди.  

Шу маънода, профессионал таълим тизимини янги босқичга олиб чиқиш, таълим дастурларини халқаро таълим стандартлари асосида жорий этиш, меҳнат бозорига малакали ўрта бўғин мутахассисларини етказиб бериш ҳамда иш берувчи малака талаблари асосида таълим жараёнларини ташкил қилиш бугуннинг бош мақсадидир.

Фан ва техникавий тараққиёт профессионал таълим муассасалари олдига сифатли таълим бериш, меҳнат бозори эҳтиёжи ва истиқболини инобатга олган ҳолда малакали кадрлар тайёрлашни долзарб масала сифатида қўймоқда.

Бу борада иш берувчилар билан ўрта бўғин мутахассисларини тайёрловчи таълим муассасалари интеграциясини йўлга қўйиш ғоят муҳим аҳамият касб этади.

“Чет элга асал экспорт қилмоқчиман” 

Бугунги кунда вилоятда хорижий инвестиция дастурлари асосида йирик қўшма корхоналар ишга туширилиб, минглаб иш ўринлари яратилмоқда. Шунингдек, кичик тадбиркорлик субъектларида ҳам малакали ишчилар зарур бўлмоқда.  

- 1991 йилдан бери асаларичилик билан шуғулланаман, - дейди Иштихон тумани “Асрор ҳосили далалари” асаларичилик фермер хўжалиги раиси Шермамат Бобоназаров. – Ҳозирги кунда 100 та асалари қутим бор, бир йилда ўртача 2 тонна асал оламан. Энди бизга ишчи кучи керак бўляпти. Агар ишчиларим яхши бўлса, 100 қути асаларини 100 тага етказа оламан. Иштихон тумани 1-сон касб-ҳунар мактаби билан дуал таълим асосида шартнома қилдим ва 5 нафар  ўқувчини ишга оладиган бўлдим. Ўқувчилар фермер хўжалигимда амалиёт ўтайди, ҳам меҳнатига яраша иш ҳақи олади. Бир йилдан кейин, яъни касб-ҳунар мактабини битириш арафасида улар орасидан меҳнаткаш, ўз касбини астойдил бажарадиганларини ишга оламан.

Форумга касб-ҳунар мактабларидан асаларичилик йўналишида таҳсил олаётган ўқувчилар ҳам жалб этилган бўлиб, уларнинг фикрлари билан ҳам қизиқдик.

- Икки йилдан бери асаларичилик йўналишида ўқияпман, - дейди Нарпай тумани касб-ҳунар мактаби ўқувчиси Дадахон Тоиров. – Бизнинг қуёшли ўлкамизда тайёрланадиган асал бошқа мамлакатларникидан кўра тоза ва сифатли. Юртимизда кейинги йилларда асаларичилик ривожланяпти, лекин дунё миқёсига чиқа олганимиз йўқ. Насиб бўлса, асаларичиликни дунё миқёсига чиқариш ниятим бор.

Талабалар Германиянинг нуфузли клиникаларида ишлайди

Ҳозирги кунда Германия, Англия, Япония ва шу каби бир қатор ривожланган давлатларда электрик, пайвандчи, чилангар, ҳайдовчи каби техник касблар, маиший хизмат кўрсатиш, меҳмонхона ва туризм хизматлари, умумий овқатланиш, соғлиқни сақлаш каби касбий таълим бўйича минглаб ишчиларга эҳтиёж бор.

Жумладан, Германия Федератив Республикасида юқоридаги мутахассисликлар бўйича 562,6 мингта иш ўрни ажратилган.

- Бизнинг техникумда фармация иши, ҳамширалик иши, фельдшер лаборант, фельдшер акушер, стоматология йўналишлари бўйича мутахассислар тайёрланмоқда, - дейди  Самарқанд Абу Али ибн Сино номидаги жамоат саломатлиги техникуми махсус фани ўқитувчиси Насиба Ўроқова. – Икки мингдан ортиқ талабамиз ўттизга яқин даволаш-профилактика муассасалари билан шартнома асосида ўқув ишлаб чиқариш ва диплом олди амалиётларини ўтаб келмоқда. Техникумда Германия стандартлари асосида ҳамшираларни қайта тайёрлаш ва тил ўргатиш бўйича ўқув курслари ташкил қилинган. Биз ўқувчиларни касбга ва тилни ўргатишга тайёрлаяпмиз. Бугунги кунда юздан ортиқ талабамиз Германиянинг нуфузли клиникалари билан шартнома имзолаган, ишлашга тайёр, фақат диплом олишлари керак. Талабаларимизни рақобатбардош, етук, малакали, деб айта оламан.

Бугунги кун талаби шуки, ўрта бўғин кадрларини илғор хорижий тажрибалар асосида тайёрлаш, иш берувчи ва таълим берувчи интеграциясини йўлга қўйиш ҳамда иш берувчи томонидан ишлаб чиқилган малака талаблари асосида кадрлар тайёрлаш зарур.

- Учта гўзаллик салоним бор, - деди Тойлоқ тумани Украч маҳалласида истиқомат қилувчи тадбиркор Гулмира Каримова. – Самарқанд тумани касб-ҳунар мактаби билан дуал таълим бўйича шартнома қилмоқчиман. Айни кунда менга тўққиз нафар ишчи керак. Шунинг учун форумда қатнашиб, қизларнинг ишини кузатяпман. Гўзаллик салонларим Самарқанд тумани касб-ҳунар мактабига яқин ҳудудда жойлашган. Талабалар тўрт кун салонда иш ўрганса, икки кун касб-ҳунар коллежида назарий билим олади.

“Дуал таълимда ҳам иш, ҳам билим ўрганяпман”

Форумда дуал таълимда таҳсил олаётган талабалар ишини ҳам кузатдик.

- Бизга уч хил стол безаш топширилган. Биринчиси оддий нонушта, иккинчиси романтик кечки овқат ва учинчиси дипломатик тушлик дастурхони, - деди  Самарқанд туризм ва маданий мерос техникуми сервис ва туризм йўналиши талабаси Зафар Хўжаев. – Столни безаш нимадан бошланади? Дастурхоннинг остида молтен деган нарса бор, у дастурхон силжиб кетмаслиги ва столга идишлар қўйилганда баланд овоз чиқмаслиги учун қўйилади. Оддий нонуштада дастурхонга иккита ликопча қўйилади, улар стол четидан икки бармоқ узоқликда бўлиши керак. Пичоқ ўнг томонда ликопчага қараган ҳолда қўйилади. Стол янада жозибали бўлиши учун романтик дастурхонни атиргул барглари билан безадик. Дипломатик тушлик дастурхони расмий кишилар учун бўлиб, унда ортиқча нарсалар қўйилмайди. Мен буларни иш жараёнида ўргандим. Ўзим Самарқанд шаҳридаги тўрт юлдузли “Мадина” меҳмонхонасида ишлайман, ҳафтада икки кун ўқийман. Назарий билимни техникумда олсам, амалий билимни меҳмонхонада ўрганяпман.

Тадбирда туманлардаги касб-ҳунар мактаблари ўқувчилари ҳам ўз йўналишларида берилган топшириқларни бажаришди. Масалан, қурувчилик йўналишида ўқийдиган талабалар бино макетини қуриб кўрсатди, дурадгорлик йўналиши талабалари уй-рўзғор мебелларини ясашди.

- Мен қурувчи касби бўйича 2-курсда ўқийман, - деди Ургут туманидаги 1-сон касб-ҳунар мактаби талабаси Дилшод Абдусатторов. – Форумда бизга рамзий Шердор мадрасасини қуриш топширилган. Ушбу топшириқни иш берувчилар олдида бажариб, ўз малака ва маҳоратимизни кўрсатяпмиз.

Муайян касб-ҳунарни пухта эгаллаган битирувчилар билан уларнинг сифатли меҳнатидан самарали фойдаланишдан манфаатдор бўлган иш берувчилар ўртасидаги ижтимоий муносабатлар ва ҳамкорликни янада яхшилаш муҳим аҳамият касб этади.

Бугунги кунда вилоятда 73 та профессионал таълим муассасаси (37 та касб-ҳунар мактаби, 14 та коллеж ва 22 та техникум) фаолият юритиб келмоқда. Ушбу профессионал таълим муассасаларида 162 та касб ва мутахассисликлар бўйича 48 минг 706 нафар ўқувчи таълим олмоқда. Жумладан, касб-ҳунар мактабларида 23 минг 468 нафар, коллежларда 5 минг 186 нафар,техникумларда 20 минг 52 нафар ўрта бўғин кадрлар тайёрланмоқда.

 

“Профессионал таълимда компетенциявий ёндашув” ўқув қўлланмаси тақдим этилди

Шу йил 5 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида профессионал таълим муассасаларида ўрта бўғин кадрларини тайёрлашни тизимли йўлга қўйиш, таълим муассасалари ва иш берувчилар ўртасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш, шунингдек, дуал таълим шакли бўйича ўқувчилар сонини 50 минг нафарга етказиш вазифалари белгилаб берилди.

Форумда Самарқанд туманида жойлашган “SITONNI” хусусий корхонаси ишлаб чиқариш жараёнлари, чарм пойабзал тикиш технологик линияси бўйича яратилаётган янги иш ўринлари тақдимоти ўтказилди.

Тақдимот жараёнида чармдан эркаклар пойабзалини тайёрлаш, ҳар бир иш ўрни меҳнат хусусиятлари, малака даражаларига қараб классификация қилиниши ҳамда малака даражаларини белгилаш жараёни намойиш этилди.

Форумда илк марта касбий фаолиятни стандартлаштириш ва шу орқали профессионал таълимда таълим сифати ва самарадорлигини таъминлаш, яъни ёшларнинг айнан иш берувчи талаб этаётган билим ва малакаларга эга бўлишини таъминлашга эътибор қаратилди.

Энди таълим сифати ва самарадорлиги, чинакам билим бериш, ҳақиқий профессионал кадрни тайёрлаш, уларда тадбиркорлик, даромад топиш кўникмаларини шакллантириш ва меҳнат бозорида ўрнини топиб кетадиган мутахассисга айлантириш устуворлик касб этади.

Мамлакатимизда ҳам иқтисодиёт тармоқларига киритилаётган инновацион технологик жараёнлар, тадбиркорлик, кичик бизнес соҳаларида яратилаётган янги технологик иш ўринлари учун ўрта бўғин кадрларини тайёрловчи профессионал таълим муассасалари тармоғини шакллантиришда жаҳоннинг илғор тажрибаларини пухта ўрганиш ва таълим жараёнини халқаро стандартлар асосида ташкил этиш лозим. Шунинг учун ҳам форумда профессионал таълим тизимида компетенциявий ёндашув масаласи кун тартибига қўйилди ҳамда бу жараённи ўқув-методик таъминлаш мақсадида профессионал таълим муассасалари педагоглари ва ишлаб чиқариш таълими усталари учун М.Холмуҳаммедов, С.Санақуловлар муаллифлигида тайёрланган “Профессионал таълимда компетенциявий ёндашув” ўқув қўлланмаси тақдимоти ўтказилди.

Форум доирасида йирик иш берувчи корхона ва ташкилотлар ҳамда профессионал таълим муассасалари иштирокида “Дуал таълимни ташкил этишнинг афзалликлари” мавзусида муҳокамалар ташкил этилди. Унда вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Феруз Абилов туризм, меҳмонхона, ресторанларда ўрта бўғин мутахассисларининг хизмат кўрсатиши яхши эмаслигини қайд этди. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги Профессионал таълим тизимини ривожлантириш департаменти бошлиғи Ўткир Алижонов Германия тажрибасига асосланиб, дуал таълимни Ўзбекистонга мослаштириш кераклигини айтди. Шунингдек, тадбирда Меҳнат бозори тадқиқотлари институти директори Муродулла Холмуҳаммедов дуал таълим, унинг афзалликлари, Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) лойиҳаси эксперти Ж.Курт Германия тажрибаси ҳақида ўз фикр ва таклифларини билдирди.

Тадбирда иш берувчилар билан дуал таълимни самарали ташкил этиш бўйича икки томонлама келишувларга эришилди.

Форумда фаол иштирок этган бир гуруҳ талабалар сертификатлар билан тақдирланди.

Хуршида Эрназарова,

Бахтиёр Мустанов (сурат).