Прокуратура шифокорнинг ИИБ ходими томонидан калтаклангани юзасидан маълумот берди
Ички ишлар вазирлиги ижтимоий тармоқларда «Андижонда шифокор ИИБ ходими томонидан калтакланди» номли видеолавҳа юзасидан маълумот берди.
"Охирги кунларда ижтимоий тармоқларда 2020 йил 11 сентябрь куни «Андижонда шифокор ИИБ ходими томонидан калтакланди» сарлавҳаси остида видеолавҳа тарқалгани гувоҳи бўляпмиз.
Ушбу видеолавҳада ИИБ ходими навбатсиз текширувдан ўтишни хоҳлагани оқибатида жанжал юзага келиб, у томонидан шифокор калтаклангани айтилган.
Аслида шифохонада қандай ҳолат юз берган?
Андижон вилояти ИИБ ахборот хизмати берган маълумотга кўра, 2020 йил 29 август куни соат 13:30ларда туман ИИБ профилактика инспекторига Андижон тумани тиббиёт бирлашмасига қарашли 3-қишлоқ оилавий поликлиникасида жанжал бўлганлиги ҳақида хабар келиб тушган.
Ҳолат ўрганилганда, мазкур поликлиника умумий амалиёт шифокори фуқаро О.Ю. шу куни иш фаолиятини олиб бораётган вақтида Андижон тумани Кенгаш маҳалласида истиқомат қилувчи фуқаро М.Ғ. жияни М.А.нинг соғлиғи ёмонлашганлиги учун уни тиббий кўрикка олиб келган. Сўнгра ҳақиқатдан навбат талашиб, фуқаро ва шифокор ўртасида ўзаро келишмовчилик ва жанжал келиб чиққан. Шифокорнинг тушунтиришига кўра, мазкур ҳолат юзасидан унинг ҳеч кимга нисбатан даъвоси йўқ, келишмовчилик оқибатида тан жароҳати олмаган.
Ўз навбатида, иккинчи томон М.Ғ. ҳам икки томонлама жанжал ўзаро тушунмовчилик натижасида келиб чиққанлигини, шифокордан кечирим сўраб, тартибсизлик қилганидан пушаймон эканлигини, ҳозирда шифокорга нисбатан эътирози йўқлигини, тан жароҳати олмаганлигини баён қилган.
Томонлар ва гувоҳларнинг кўрсатмалари ҳамда иш бўйича тўпланган материаллар ҳуқуқий баҳоланиб, ички ишлар органлари томонидан жиноят иши қўзғатишни рад этиш ҳақида қарор қабул қилинган.
Ички ишлар органлари ходимлари мазкур келишмовчиликда иштирок этишмаган.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, ахборот тарқатувчи телевизион каналлар ва айрим ижтимоий тармоқлардан, жамоатчиликка эълон қилинаётган маълумотларни текшириб, холислигига ишонч ҳосил қилганидан сўнг аҳолига етказишларини сўраймиз.
Текширилмаган ва ёлғон ахборотни, шунингдек, ички ишлар органлари ходимларини обрўсизлантиришга қаратилган маълумотларни тарқатиш қонунда белгиланган тартибда жавобгарликни келтириб чиқаришини унутмасликларини сўраймиз", дейилади баёнотда.