Прокурор ваколати кенгайди: тергов ҳаракатлари видеоконференцалоқа режимида ўтказилиши мумкин

Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига жиноят процесси иштирокчиларининг ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлаш билан боғлиқ ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги Қонун Президент томонидан имзоланди (ЎРҚ–542, 23.05.2019), деб хабар бермоқда ҳуқуқий ахборот канали.

“Прокуратура тўғрисида”ги Қонунга киритилган қўшимчаларга мувофиқ, прокурор эндиликда терговга қадар текширувни амалга оширувчи мансабдор шахсларнинг ҳам ноқонуний қарорларини бекор қилиш ҳамда суриштирув муддатини узайтириш ҳуқуқига эга.

Суриштирувчи лавозимига ҳам прокурор ва терговчи учун қўйилган талабларга жавоб берадиган фуқаролар, яъни олий юридик маълумотга эга, зарур касбий фазилатлари бўлган, зиммаларига юкланадиган хизмат вазифаларини бажаришга соғлиғи имкон берадиганлар тайинланади.

Эндиликда, тергов ҳаракатлари шахсларни турган жойидаги ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига келтирган ҳолатда видеоконференцалоқа режимида ўтказилиши мумкин.

Терговни видеоконференцалоқа орқали ўтказишга қуйидагилар асос бўлади:

- шахснинг терговга соғлиғи ёки бошқа узрли сабабга кўра боролмаслиги;

- жиноят процесси иштирокчиларининг хавфсизлигини таъминлаш зарурати туғилганда;

- кечиктириб бўлмайдиган тергов ҳаракатлари ўтказилганда;

- тергов ўтказиш қийинлашиши ва ортиқча харажатлар чиқариши мумкинлиги ҳақида асослар бўлганида.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган ўзгартиришларга мувофиқ, ҳайдовчиларнинг светофорнинг тақиқловчи сигналида ёки йўл ҳаракатини тартибга солувчининг тақиқловчи ишорасида тўхташ чизиғини босиб кириши ҳам энг кам ойлик иш ҳақининг иккидан бир баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Жиноят-ижроия кодексига киритилган қўшимчаларга мувофиқ, Президент ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил жазони ижро этиш муассасаларига монеликсиз кириш ҳуқуқига эга бўлди.