Прокурорга "аталган" ўқ хоиннинг кўксига қадалди
(Прокурорнинг ён дафтаридан)
Иттифоқ прокуратурасида Грузия олий совети раиси М.Гамсахурди ва бошқаларга нисбатан қўзғатилган жиноят иши бўйича келган алоҳида топшириқ менга топши-рилди. Москва вилоят прокуратураси терговчиси М.Соловьёв ҳамроҳлигида Грузияга учиб келдик. Республика прокуратураси раҳбарияти бизга Б.Думбадзе деган терговчи, «УАЗ» русумли автомашина ва шофёр ажратиб берди.
Тергов ҳаракатлари ўтказиш лозим бўлган жой Тбилиси шаҳридан тахминан 60-70 километр чамаси узоқликдаги Гагра шаҳрида эди. Гумондор Грузиядаги ёпиқ типдаги махфий завод директори Н.Махарашвили бўлиб, тинтув ва тергов ҳаракатлари ўтказиш учун Гагра шаҳар ИИБдан эксперт-криминалист, участка вакили ва тинчликни сақлаш учун бир нечта ходим олишимиз керак эди. Йўлда бир ошхонага кириб овқатландик. Ҳамроҳимиз Думбадзе официант йигитга грузин тилида нимадир деди, кейин ичкарига, директорнинг хонасига кириб кетди. Ўн дақиқадан кейин қайтиб келди. Биз йўлда давом этдик.
Мен олдинги ўриндиқда эдим, қуёш тўғри менга тушаётгани сабабли орқа ўриндиққа, ўнг томонга ўтдим. Олдинги ўриндиққа терговчи Думбадзе ўтирди. Гагра шаҳрига 10-15 километр қолганида машинамизни ўққа тутишди. Мен қўрққанимдан эгилиб, пастга ётиб олдим. Машина йўл четига чиқиб, тўхтаб қолди. Шофёрнинг юзидан қон оқаётган эди. Олдинги ўриндиқда ўтирган терговчи Думбадзе бақириб юборди. Ёнимдаги терговчи Соловьёв "вой-вой"лаб қолди. Унинг чап оёғидан қон оқар эди. Тўсатдан чап курагимнинг пастидан бир парчаси кесиб ташлангандай, қаттиқ азоб бера бошлади.Ўзим тан жароҳати олганимга қарамай машинадаги шерикларимни қутқариш мақсадида машинадан тушдим, нима қилишни билмайман. Йўлдан машиналар тўхтамай ўтар эди. Менда қандайдир илоҳий куч пайдо бўлиб шерикларимни кўтариб йўлнинг хавфсиз томонига ўтказиб ётқизишга муваффақ бўлдим.
20-25 дақиқа ўтганидан кейин бир «Москвич» русумли машина тўхтаб, ундан бир кекса одам ва аёл киши аптечка олиб тушди. Кейин шофёрга, ярадор Соловьевга ёрдам берди. Терговчи Думбадзе менга аталган ўқларни ўз танасига қабул қилиб, қимирламай ётар эди. Уни бир неча жойидан қон оқар, гуё у ўз вазифасини жиноий шериклари олдида аъло даражада бажарганидан манмун бўлиб жонсиз ётар эди...
Мени эса картадаги арслон ёлли СССР - ватанни эмас, уйда қолган тетапоя жажжи фарзандлар тақдирини кўз олдимдан ўтказар эдим...
Машинадаги ўзимизга тегишли сумкаларни тушириб олдим. Бизга ёрдам берган киши жароҳат олганлар ҳақида хабар бериш учун «Тез ёрдам» чақиришга кетди. Аёл эса ярадорларга бинт ва дори билан биринчи ёрдам кўрсатиб, жароҳатларини боғлай бошлади. Бирор соатдан кейин бизга ёрдам берган киши келиб, «Тез ёрдам» машинаси келаётганини айтди. Терговчи Думбадзе оламдан ўтган, шофёр икки жойидан, Соловьёв эса оёғидан жароҳатланганди. Менинг чап елка қопқоғим пастидан ўқ ялаб ўтган, енгил жароҳат олган эдим. Биз миниб келган машина кўз олдимизда ёниб кетди ва ундан бир қанча металл уюми қолди, холос.
Орадан икки-уч соат ўтгандан кейин «Тез ёрдам» ва терговчи, йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари етиб келишди. Бизни Гагра шаҳридаги шифохонага олиб кетишди. Шифохонада менга олган жароҳатим енгиллигини айтишди. Бир кундан кейин Грузия прокуратурасидан тергов гуруҳи ва прокурор ўринбосари шифохонага келиб, бизни Тбилиси шаҳридаги ҳарбий касалхонага олиб кетди.
Мен бу воқеа ҳақида иттифоқ прокуратурасига телефон орқали хабар бериб, бўлган воқеани қисқача тушунтирдим. Ундан олдин уларга бу ҳақда махсус хабар борган экан. Бизга Москвага қайтиш ҳақида буйруқ бўлди. Соловьёвнинг оёғи гипс қилинганлиги сабабли бир ҳафта ўтгандан кейин самолётга чиқдик. Соловьёвнинг фикрича, биз йўлда ошхонада тушлик қилган пайтимизда терговчи Думбадзе ошхона директори хонасидан биз тинтув қилмоқчи бўлган гумонланувчи Махарашвилига хабар қилган ва биз келаётган автомашинанинг русуми ва давлат рақамини айтган.
Шу сабабли йўлга қўйилган «пистирма»дан бизга ўқ отишган. Менинг орқага ўтирганим бир ўлимдан сақлаб қолганини билиб, Яратганга беҳисоб шукурлар қилдим. Отилган ўқлар «Калашников» қуролидан отилганлиги аниқланди.
Кейинчалик бу ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, Грузия прокуратураси терговчиси С.Акобидзе дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борди. Лекин жиноятни содир қилган шахслар топилмади. Бу жиноят иши бир неча марта иттифоқ прокуратурасига чақирилиб, қайта-қайта қўшимча терговга берилди. Лекин бирор натижа чиқмади...
Исматилла Йўлдошев.