“Пулсиз бўлса Хазорага, пуллик бўлса ноғорага”ми?
2020 йил 30 октябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида мамлакатимизда таълим-тарбия тизимини такомиллаштириш, илм-фан соҳаси ривожини жадаллаштириш масалалари муҳокама қилинган эди. Ушбу видеоселектор йиғилишида “2021 йилнинг 1 январидан ҳар бир умумтаълим муассасасида ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчи лавозими жорий этилади” дейилди.
2020 йилнинг 6 ноябрь куни Президентнинг “Ўзбекистоннинг янги тараққиёт даврида таълим-тарбия ва илм-фан соҳаларини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони имзоланди. Унга кўра, 2021 йил 1 январдан бошлаб ҳар бир умумтаълим муассасасида «Ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчи” лавозими жорий этилди.
Хўш, Юртбошимизнинг ушбу фармонини ҳаётга жорий этиш учун Оқдарё туманида қай даражада ижодий-маданий муҳит мавжуд эди ва ҳозир қандай?
Фармонда таъкидланганидек, “ёш авлодни маънан баркамол этиб тарбиялаш, мактаб ўқитувчилари ва фаол ўқувчиларининг ижодий ишларини кенг жамоатчиликка етказишга кўмаклашадиган, турли хилдаги викториналар, мушоиралар, адабий кечалар, қизиқарли дарслар, китобхонлик ва шеърхонлик мусобақаларини ташкил этадиган мактаб ўқитувчилари ва фаол ўқувчиларни жалб этиб, газеталар чоп этиши ёки ўқув масканларининг электрон сайтида мактаб ҳаётидан қизиқарли мақолалар чиқариб борадиган ёзувчи, шоирлар, ижодкорлар туманимиздаги 57 та мактаб учун етарлими? Белгиланган меъёр бўйича 4 та мактабга бир ижодкор бириктириладиган ҳолда-чи? Ушбу фармоннинг тўлақонли ижроси мана шу масалага, яъни мактаблардаги ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчи лавозимига тайинланган ижодкорлар фаолиятига боғлиқ. Ҳеч кимга малол келмасинки, агар ушбу янги иш ўринлари масаласида ҳам таниш-билишчилик, келишувчилик, илтимосномалар ёхуд, табиийки, ишсизларни иш билан таъминлаш асосий омил бўладиган бўлса, ҳукуматимиз режалаштираётган Учинчи Ренессанс – уйғониш даврининг асосий пойдевори заифлашади.
Биз туманимизда бир неча йиллик ижодий тажрибага эга бўлган “Навниҳол” ижодий клуби аъзолари ва айнан мактаблардаги ижодий – маданий масалалар бўйича тарғиботчи лавозимига муносиб бўлган номзодлар – ижодкор ўқитувчилар, шоир ва ёзувчилар рўйхатини лойиҳасини туздик.
Фармонда “Ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчилар, ижодкорларни мактабларга бириктириш ва уларга шарт-шароит яратишни шахсан туман ва шаҳар ҳокимларининг ўзлари назоратга олади” деб белгиланганлиги сабабли ушбу таклифимизни туман ҳокимлиги ҳамда халқ таълими бўлими раҳбарига тақдим этдик. Номзодларнинг 90 фоизи ҳозирги кунда туманимиз умумтаълим мактабларида фаолият кўрсатаётган, ижод намуналари, шеърлари, китоблари чоп этилган, энг муҳими, “Устоз-шогирд” анъаналарига содиқ бўлиб, мактабларида ўзлари тарбиялаётган ёш ижодкор шогирдларига эга бўлган, жамоатчи, туман ижодий муҳити ҳамда тарғибот-ташвиқот ишларида фаол, “Навниҳол” ижодий клубимиз билан мустаҳкам ижодий алоқада бўлиб келаётган, мутахассислиги она тили ва адабиёт ўқитувчиси бўлган ижодкор ўқитувчилардир. Умид қиламизки, ушбу таклифимиз эътиборга олинажак.
Афсуски, ҳали биз туман ҳокимлигининг хулосасини олмасимизданоқ, бизга маълум қилинган юқоридан келган маълумотга кўра туманимиздан фақатгина икки нафар ижодкор шоир бу рўйхатга лойиқ топилибди, холос. Туманимиздаги 57 та умумтаълим мактаби 6 нафар олий ўқув юрти ўқитувчисига 8-10 та мактаб бўлиб берилибди. Бу нечоғли ижобий самара беради?
Маҳаллий ижодкорлар пул талашаётгани йўқ, гап сифат ва самара, ҳамкорлик ҳақида боряпти. Туманларда яшаб ижод қилаётган ижодкорларимиз шу пайтгача пулсиз ҳам бу хайрли ишни, «Устоз-шогирд»лик анъанасининг муқаддаслиги учун виждонан бажариб келдилар. Аммо, эндигина ҳукумат эътиборга тушиб, “Лоақал шогирдларимни тадбирларга, танлов ва таҳририятларга олиб боришга йўл пулим бўларкан”, деб суюниб турган шоир, ёзувчиларимизнинг кўнгиллари нечук бўлади? Мактабларимиз ОТМ ўқитувчилари ҳамда туманлардаги фаол ижодкор шоир, ёзувчиларга тенг ва адолатли тақсимланса нур устига нур бўлардику!?
Бизнингча, ушбу рўйхат шошилинчда, туман, вилоят ижодкорлари вакиллари билан келишилмасдан тайёрланган. Айнан “Янги Ўзбекистон – янгича дунёқараш” тадбирларининг дислокацияси асос қилиниб, бир-иккита саноқли ижодкорлар рўйхатга киритилган, холос. Вилоят ҳокимлигининг мутасадди ходимлари ҳамда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими бу рўйхат лойиҳасини қайта кўриб чиқиши лозим, деб ҳисоблаймиз ва бу ҳақда туманимиз миқёсида ўз таклифларимизни киритдик.
Ойгул Маматова,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, “Оқдарё овози” газетаси ҳузуридаги “Навниҳол” ижодий клубининг раҳбари.