“Путин учун ғалаба”. "Озодлик" радиоси ёпилмайди. 3 миллиард евролик экотомоша: Германия ишлаётган иссиқлик электр станцияси портлатилмоқда

🔹 Доналд Трамп интервьюсида Саудия Арабистонида Украина бўйича музокарада муваффақиятга эришилганини айтди. Жаҳон ОАВ Қора денгиздаги ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувни бир овоздан «Россия ғалабаси» деб баҳоламоқда. АҚШ воситачилигида уч йилда имзоланган келишув Украинага чекланган фойда келтиради, ҳужумини давом эттираётган Россиядан эса қандайдир имтиёз ололмайди. АҚШ Россия ва Украина ўртасида денгиз сулҳига келишди. Аммо келишув Трамп маъмурияти таклиф қилган шартлар, масалан, 1000 километрлик фронт чизиғи бўйлаб 30 кунлик ўт очишни тўхтатишни ўз ичига олмади. Бу режани Киев қўллаб-қувватлади, лекин Москва рад этди. Россия денгизда ўт очишни тўхтатиш ва энергетика инфратузилмасига ҳужумларни тақиқлашдан ҳам кўпроқ манфаатдор.
🔹 Қирғизистон Миллий банки банклар ва валюта айирбошлаш шохобчаларига майдан бошлаб “оқ”, яъни 2006 йилгача чиқарилган АҚШ долларини айирбошлаш учун комиссия пули ундиришга рухсат берди.
🔹 Арманистон парламенти Европа интеграциясининг бошланиши тўғрисидаги ва мамлакатнинг Европа Иттифоқига қўшилиши ҳақидаги қонунларни якуний ўқишда қабул қилди.
🔹 АҚШ Федерал суди Трамп маъмуриятига Озод Европа/Озодлик радиосини ёпишни вақтинча тўсиб қўйди ва медиа корпорацияни маблағдан чиқаришга уринишлар асоссиз ва қонунни бузиши мумкин, деган қарорга келди. Аввалроқ ЕИ зарурат туғилса, “Озодлик” радиосини молиялаштиришни ўз зиммасига олиши мумкинлигини билдирган эди.
🔹 АҚШ Филиппинда ракета тизимини жойлаштирди, бу эса Хитойнинг йирик ҳарбий ва саноат объектларига зарба бериш масофасини яқинлаштирди. Хитой ғазабда ва буни провокация, деб жавоб чоралари билан таҳдид қилмоқда.
🔹 Фаластин миллий маъмурияти раҳбари Маҳмуд Аббос бошчилигидаги ФАТҲ ҳаракати Фаластин халқи хавфсизлиги учун ҲАМАС гуруҳини Ғазо секторидаги назоратдан воз кечишга чақирмоқда.
🔹 Гамбургда немис ҳукумати Европадаги энг замонавий кўмир ёқилғисида ишлайдиган электр станцияларидан бири — Мурбургни портлатмоқда. Станция 2015 йилда 3 миллиард евро эвазига қурилган, 1654 мегаватт қувватга эга (бутун Гамбургни қувватлантириш учун етарли). У бор-йўғи олти йил ишлаб, "яшил кун тартиби" босими остида тўхтатилди. Немисларда савол: бу ҳақиқатан ҳам оқилона энергия стратегиясими? Ёки шунчаки қиммат эко-шоуми?
Г.Холдорова тайёрлади.