"Энди ичига кираман, ўзим шуғулланаман". Бу иқрорми ёки йиғилишдан йиғилишгача айтиладиган ёлғон ваъдами?

Бир киши фарзандини койиб, танбеҳ бераётганда қўшниси “Ўғлингиз мўмин-қобил бола-ку, нега бунча уришасиз?” дебди.
– Бу бола фақат айтганимни қилади, шунинг учун уришяпман, – жавоб берибди ота.
– Айтганингизни қилса яхшику, ишидан кўнглингиз тўлмаяптими, – ҳайрон бўлибди қўшни.
– Ишидан кўнглим тўқ, камчилиги йўқ. Лекин қачонгача айтганимни қилади? Айтмаганларим-чи? Ўзи билиб ишини қилса, эътирозим йўқ. Шунисига куйинаман, - деб айтган экан.
Кеча ҳокимлик соатида муҳим масалалар муҳокамаси чоғида вилояти ҳокимининг туман ва шаҳарлар ҳокимлари, мутасадди раҳбарлар билан мулоқотига гувоҳ бўлиб, шу ҳолат ёдимга тушди.
Вилоятда туризмни янада ривожлантириш, маҳаллий ва хорижлик сайёҳлар учун қулай шароит яратиш масаласи муҳокама қилинганда, вилоят раҳбари санитария-гигиена шохобчалари ҳолатига алоҳида эътибор қаратди. Шаҳарда ва вилоятнинг бошқа ҳудудларида ҳам сайёҳлик объектлари атрофида, бозорларда ва катта йўл ёқасидаги бундай шохобчалар талабга жавоб бермаслиги, масъуллар бунга умуман эътибор бермаётганини таъкидлади. Айниқса, ёқилғи қуйиш шохобчаларида санитария-гигиена нуқталари ташкил этиш талаби мажбурий бўлса-да, буни тадбиркорлар ҳам, шу соҳани назорат қиладиган масъуллар ҳам унутиб қўйгани танқид қилинди. Бунинг учун мутасаддилардан, ҳудудлар раҳбарларидан изоҳ сўралди. Жавоб эса кутилганидек – “жойига қўямиз”, “эътиборсизлик қилибман”, “ўзим бориб ўрганаман”.
Эсимда, ўтган йил ҳам худди шу масала ҳокимлик соатида муҳокама қилиниб, йўл бўйидаги ёқилғи қуйиш шохобчаларидаги ва махсус ташкил этилган санитария-гигиена нуқталари ҳолати ўрганилган ҳолда видеолавҳа намойиш этилганди. Айрим мутасаддиларга чора кўрилганди. Шундан сўнг бундай масканлар тартибга келиб, изга тушганди.
Орадан бир йил ўтиб яна шу масала оғриқли нуқта сифатида вилоят раҳбари даражасида муҳокама этилгани мутасаддилар ҳам фақат айтилса, топшириқ берилса, бажаришга ўрганиб қолганидан далолат беради.
Нима, йўл бўйида савдо ва хизмат кўрсатиш объекти ташкил этиб, бундан манфаат кўраётган тадбиркор битта санитария-гигиена шохобчасини тоза-озода сақлаб туролмайдими? Бу унга мажбурият сифатида белгилаб қўйилган бўлса-чи? Тегишли назорат идоралари масъуллари, ҳудудлар раҳбарлари-чи? Улар шу йўлдан ўтмайдими ёки бундай шохобчаларга кирмайдими? Киради, кўради, лекин ўша тадбиркорга, объект эгасига ёмон кўринишни истамайди ёки ўзининг манфаатига зид қилишни хоҳламайди. Бошқа қандай хулосага келиш мумкин?
Ҳа, дарвоқе, муҳокамалар чоғида йиллар давомида ҳал этилмаган айрим масалалар юзасидан изоҳ сўралганда раҳбарлар “икки ойда бажарамиз”, “кейинги чоракда якунига етади”, “ўзим ичига кираман” деб жавобни берди. Ўйланиб қоласан киши, бир неча йилда бажарилмаган юмуш, вазифани қандай қилиб қисқа вақтда уддалаш мумкин? Балки баъзи лойиҳаларни бажариш мумкиндир. Лекин йиғилишдан йиғилишгача айтиладиган гаплар билан ўзини ва бошқаларни алдашдан наф нима? Лавозимда узоқ қолишми?
Ғолиб ҲАСАНОВ.