Қадимги Миср маликаси Нефертити дафнаси ҳозиргача топилмаган

Нефертити бизнинг эрамизгача 1353-1336 йилларда ҳукмронлик қилган Эхнатоннинг рафиқаси бўлган. Унинг таржимаи ҳоли турган-битгани сир. Бир тарихчилар соҳибжамол малика мисрлик бўлган деса, бошқаси унинг келиб чиқиши чет эллик – ажнабий деб кўрсатишади. Ўз даврининг энг нуфузли аёли ўлими ва дафн қилинган жойи ундан-да жумбоқ.

Эҳтимол, у Тутанхамон мақбарасида жойлашгандир. Фиравннинг мақбарасини ва унинг илгари номаълум бўлган даҳлизини георадар ёрдамида аниқлаган олимлар девор ортида нимадир бор деган хулосага келдилар. Агар ушбу кашфиёт мисршуносларнинг ҳақлигини тасдиқласа, бу замонамизнинг энг шов-шувли воқеаси бўлади. Бу ҳақда “Nature” журнали хабар беради.

- Олинган маълумот «фавқулодда ҳаяжонли», - дейди мисршунос Рэй Жонсон. – Шимол томондаги девор ортида нимадир борлиги аниқ.

Британиялик мисршунос Николас Ривз кўп йиллар Мисрнинг Ҳукмдорлар Водийсида археологик қазишмалар олиб борган. «Агар Нефертити фиравн сифатида дафн қилинган бўлса, бу барча замонларнинг буюк археологик топилмаси бўларди», дейди у.

Илгари Ривз малика Нефертити фиравн Синехкара номи остида яширинган деган тахминни олға сурганди. Тутанхамон дафнаси аввалига айнан Нефертити учун тайёрланган, деб фикр билдиради мисршунос. Аммо Эхнатоннинг ўғли, ёш фиравн 19 ёшида тўсатдан вафот этади. Уни «бегона» дафнага дафн этишга тўғри келади. Айрим мисршунослар ҳали эрамизгача XIV асрда Тутанхамон ҳукмронлигигача Нефертитининг қизи Анхесенпаатон Тутанхамонга турмушга чиққан, ўзи бироз муддат Миср давлатини бошқарган, деган фикрни билдиришади.

Нефертити тарих ва жумбоқ ишқибозларида 1912 йилда унинг бюсти аниқлангандан кейин катта қизиқиш уйғотганди. Бюст билан бирга қадим миср ҳайкалтароши Тутамос устахонасида яна Фиравн Эҳнатон тасвирланган элликдан зиёд ҳайкаллар аниқланганди. Кейинчалик улар асосида ганч-гипс моделига кўра тош ҳайкаллар яратилган.

1913 йилда Нефертити бюсти ганч-гипсдан тикланишга уриниш пайтида жиддий шикастланган. Миср ҳукумати унинг энди қадр-қиммати қолмади деб эътиборсиз қолдирган ва у Германияга олиб кетилган. 2010 йилда компьютер томографияси шарофати билан мутахассислар соҳибжамол маликанинг сувоқ остида яширинган ҳақиқий қиёфасини кўришга муяссар бўлдилар. Нефертити бюсти қадим Миср санъати ва амарн усулидаги ноёб асарлардан бири ҳисобланади.

«Мир новостей» (2020 й 8-сон)дан Т.ШОМУРОДОВ тайёрлади.