Қалбларни ўртаган фожиа

2018 йил 18 январь куни Қозоғистоннинг Ақтўбе вилоятида содир бўлган фожиа ҳақида барчамиз эшитдик, оммавий ахборот воситалари орқали тафсилотларини кўрдик, ўқидик. Россияга иш излаб кетаётган 54 нафар ўзбекнинг 52 нафари ҳалок бўлди.
Бу ҳақида билиб, бутун ўзбек халқининг қалби ларзага келган бўлса, унинг тафсилотлари аниқ бўла бошлагач, ушбу ғам янада оғирлашиб борди. Айниқса, автобус ичида ҳалок бўлган юртдошларимизнинг рўйхати эълон қилингач, барчанинг юраги қон бўлди. Уларнинг орасида маҳалладошлар, ота-бола, ака-укаларнинг борлиги ҳар қандай инсоннинг юрагини эзди, кўзини ёшлантирди. Ота-оналар фарзандидан, фарзандлар ота-онадан, кимлардир акалари ёки укаларидан, неча нафар муштипар суянган тоғидан айрилди.


Ачинарлиси, бу каби фожиа биринчиси эмаслигини барчамиз биламиз. Жумладан, 2017 йил 22 июндаги Қозоғистоннинг Ақтўбе вилоятида ичида 52 нафар ўзбек бўлган автобус ағдарилиши натижасида 9 киши ҳалок бўлган эди. 2017 йил 8 октябрда Россиянинг Владимир областида ичида 58 нафар ўзбек кетаётган автобус темирйўл устида тўхтаб қолди ва 17 киши, икки ёш бола ҳалок бўлди. Бу каби мисоллар талайгина.
Шунинг учун ҳам қурбонлари янада кўп бўлган бу ҳалокат туфайли юртимиздаги оммавий ахборот воситаларида, интернет сайтларида, айниқса, ижтимоий тармоқларда турли тахминлар билдирилди, шу каби фожиаларнинг сабаблари, бунга ким айбдор, деган савол кўп муҳокама бўлди ва бўлмоқда. Юртимиздаги мавжуд ишсизлик, авиачипталарнинг қимматлиги, таълим тизимидаги камчиликлар, қишлоқларда тирикчилик учун етарли шароит йўқлиги каби омиллар асосий сабаблар сифатида кўрсатилмоқда.


Президентимиз Шавкат Мирзиёев Сурхондарё вилоятига ташрифи чоғида фожиага муносабат билдириб, унинг асосий сабабларига тўхталди. 
Ҳа, бу даҳшатли ҳодиса ҳали кўп соҳаларда ислоҳотлар амалга оширилиши лозимлигини кўрсатиб берди. Айниқса, миграция масаласига кўпроқ эътибор қаратиш вақти келганлигини яққол намоён этди. Фалокатга қандайдир кавшар лампасини сабаб қилиб кўрсатиб, жим ўтириш ярашмайди. Бунинг учун энди ҳамма ҳаракат қилиши керак. Барча соҳа раҳбарлари, мутасадди идоралар, таълим муассасалари, депутатлар, маҳаллалар раислари ва ҳаттоки, ўзини шу юрт фарзандиман, деб ҳисоблайдиган оддий инсон ҳам.


Давлатимиз раҳбари топшириғига биноан ҳодиса оқибатида ҳалок бўлганлар оилаларига ҳар томонлама зарур ёрдам кўрсатилмоқда. Президентимиз кўрсатмаси билан марҳумлар оилаларининг барчасига бир марталик нафақа пули ажратилиши белгиланди. Бу яраланган кўнгилларга яқинларини қайтариб бера олмаса-да, муҳими, давлатимиз ва ҳукуматимиз раҳбарларининг бошига оғир мусибат тушган инсонларга ҳамиша ҳамдард ва уларни қўллаб-қувватлашга тайёр эканлигидан далолат. Аммо энди келгусида бундай аянчли воқеалар яна такрорланмаслиги учун муҳим қадамларни ташлаш зарур.