“Қалқон сардорлари” вилоят босқичининг ғолиблари аниқланди
“Қалқон гуруҳлари” аъзолари ўртасида ўтказилган “Қалқон сардорлари” мусобақасининг вилоят босқичи кучли рақобатга бой тарзда ўтди.
Мусобақа давомида иштирокчилар ҳарбий-ватанпарварлик тайёргарлиги, жисмоний чиниқиш, тезкорлик, жамоавийлик ҳамда сардорлик маҳорати бўйича ўз билим ва салоҳиятларини намойиш этдилар. Беллашувлар ёшлар қалбида Ватанга садоқат, масъулият ва фидойилик туйғуларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилди.
Мусобақа якунларига кўра, 1-ўрин Паст Дарғом туманига, 2-ўринга Иштихон тумани, 3-ўринга Каттақўрғон шаҳри жамоаси лойиқ кўрилди.
Ғолиб ва совриндорлар диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди. Мазкур мусобақа маҳаллаларда жамоат хавфсизлигини таъминлашда фаол иштирок этаётган “Қалқон гуруҳлари” аъзоларининг салоҳияти ва жипслигини яна бир бор намоён этди.