Қандай маҳсулотлар организмда қариш жараёнини тезлаштиради?
Кунлик танаввул қилинаётган таомлар инсон саломатлигига таъсир қилиб, организмнинг қариш жараёнини рағбатлантириши мумкин. Қуйида ана шундай маҳсулотлар рўйхати ва уларнинг танага таъсири хусусида маълумот берамиз.
🍰Шакар ва барча шакарли маҳсулотлар. Ширинхўрлар навбатдаги десерт билан ўзларини хурсанд қилаётганларида организмда гликация жараёни ишга тушади ва AGE ва RAGE молекулалари тўплана бошлайди. Улар йиғилган жойда яллиғланиш жараёни доимий равишда сақланиб, органларнинг нормал ишлаши бузилади. Шу тарзда “ёшга доир” касалликлар бошланади. Глюкоза оқсиллар ва липидлар билан боғланади, бу эса терининг эластиклигига бевосита боғлиқ бўлган коллагенга ҳалокатли таъсир кўрсатиб, эрта ажин тушишига олиб келади.
🍔Транс ёғлар. Уларнинг асосий манбалари — фастфуд ва маргарин. Бу ёғлар қариш жараёнини тезлаштиради. Чунки улар қон томирларини торайтириб, унинг оқимини бузади. Оқибатда юрак-қон томир касалликларининг ривожланиш хавфи сезиларли даражада ортади.
☕️Қаҳва ва кофеинли ичимликлар (энергетиклар). Кофеиннинг кўп миқдори тана ҳужайраларининг сувсизланишига, бу эса моддалар алмашинувининг бузилишига олиб келади. Энергетикларда кофеиннинг таъсири натрий билан янада кўпроқ бўлади. Терининг эрта қаришини олдини олиш учун ҳар қаҳва ичганингиздан кейин албатта бир стакан сув ҳам ичиш муҳимдир. Энергетик ичимликлардан эса бутунлай воз кечган афзал.
🥂Спиртли ичимликлар. Уларни мунтазам ичиш жигарга жиддий таъсир қилади. Чунки алкоголь ушбу фильтрловчи органда токсинлар тўпланишига, бу эса организмда яллиғланиш жараёнлари бошланиши ва турли касалликларга олиб келади.
🍕Ўта шўр маҳсулотлар (пишлоқ, пицца (айниқса пепперони), чипс, крекерлар). Туз танадаги сувни ушлаб қолади ва бу ҳужайраларнинг қисқаришига олиб келади. Натижада сувсизланиш юзага келади. Бу эса, табиийки, қариш жараёнини тезлаштиради.
🌭Қайта ишланган гўшт (колбаса, сосиска ва бекон). Ушбу маҳсулотларда ортиқча туз ва консервантлар мавжуд. Уларни истеъмол қилиш сувсизланишга олиб келади ва яллиғланишни келтириб чиқаради. Шунингдек, бу маҳсулотлар сабабли организмда коллаген ишлаб чиқариш учун муҳим бўлган С витаминининг миқдори камаяди.
🍟Қовурилган картошка. У организмда деярли бир зумда шакарга парчаланади. Бундан ташқари, юқори ҳароратда ёғда қовурилган маҳсулотлар эркин радикалларни чиқаради. Оқибатда терининг ҳужайра даражасида шикастланиш юзага келади.
📝Шунингдек, бу рўйхатга устки қобиғи оч жигарранг бўлгунча қовурилган ёки печда пиширилган барча таомларни қўшиш мумкин. Бу иштаҳаочар ранг, юқорида айтганимиз, гликация жараёнига бевосита боғлиқ, ҳаттоки бу таомга шакар қўшилмаган бўлса ҳам.
📌Одатда узоқ ва соғлом умр кўришни тарғиб қилувчи мутахассислар тез қовурилган ёки буғда пиширилган таомларни истеъмол қилишни тавсия қилишади, дея хабар беради Соғлиқни сақлаш вазирлиги.