Қариндош-уруғчиликдан воз кеча оламизми?

Яқинда бир синфдош дўстим билан учрашиб қолдим.

- Мактабга вакант ўринга директордан иш сўраб бордим, - деди у. – Директор очиқчасига “Бу жойга жиянимни ишга оламан”, деди. Жияни 15 йилдан бери ўқитувчи бўлса-да, мутахассис малакасига эга. Мен биринчи тоифали ўқитувчиман.

Дўстим ушбу ноҳақлик ҳақида юқори ташкилотга арз қилиб борибди. Уларнинг айтишича, мактаб директори кимни ишга олишни ўзи ҳал этар экан. Юқори ташкилотдагилар мактаб директорининг фаолиятига аралашмас эмиш. Хуллас, директор барибир қариндош-уруғчилик қилиб, вакант жойга малака тоифаси йўқ жиянини ишга олибди.

Тўғриси, бизда баъзи давлат ташкилотларида қариндош-уруғчилик чуқур илдиз отиб кетган. Бир танишим узоқ йиллардан буён қурилиш соҳасини назорат қилувчи давлат ташкилотида фаолият юритиб келар эди.

– Ташкилотга янги бошлиқ тайинлангач, ишлаб турган мутахассисларни турли баҳоналар билан ишдан бўшатиб, уларнинг ўрнига қишлоқдошлари ва қариндошларини ишга ола бошлади, - деди у. - Шундай қилиб, мен ҳам ишдан бўшатилдим. Икки ўғлим тўлов-контракт асосида институтда ўқийди. Катта қизимни турмушга беришим керак. Ҳозир ишга тикланаман деб судма-суд югуриб юрибман. Кўп аса-бийлашганимдан соғлиғим ёмонлашиб, қон босимим кўтарилиб кетяпти.

Тарихдан маълумки, ривожланган давлатларнинг барчаси миллатчилик, ирқчилик ва уруғ-аймоқчилик каби иллатлардан халос бўлгач, иқтисоди бақувват мамлакатга айланган.

Биз ҳам бу иллатларга қарши курашмас эканмиз, Америка, Европага ҳавас қилиб яшайверамиз. Иллатлар эса узоқ йиллар бизни ўз ботқоғида муқим ушлаб тураверади.

Дарвоқе, яқинда қабул қилинган “Давлат фуқаро¬лик хизмати тўғрисида”ги Қонуннинг 13-моддасида қариндошларнинг бир давлат ташкилотида бир-бирига бўйсуниб ишлаши таъқиқланди. Қонун кучга кирса, кўплаб ташкилотларда қариндош-уруғчиликка барҳам берилармикан?..

Неъмат АСҚАРОВ.