Қаердасиз, аяжон? Хўрозқанд ҳам керакмас!

Зебо дугонаси билан салом-аликдан сўнг деди:
– Исроилдан қачон келдинг?
– Бир  ойча бўлди. Ҳа, намунча дунё юкини елкангга ортиб олгандай хаёл суриб кетяпсан, чақирса ҳам қарамайсан? – деди Зулхумор.
– Ишдан қайтаётгандим, хаёл билан бўлиб, чақирганингни ҳам эшитмабман. Ўзингдан гапир, у ерда нима ишлар қилдинг?
– Фирмада ишладим.
– Маоши яхшими? 
– Ёмон эмас, мана, уй олдим, машина олдим.
Зебонинг дугонасига ҳаваси келди: 
– Омадлисан-да, Зулхумор! Қанийди сендаги имкониятлар менда ҳам бўлса, ўшандай жойларда ишласам. Бунинг учун таниш,  катта пул керак. Менда эса булар йўқ.  
– Ўзим сенга ёрдам бераман.
Дугонасининг бу гапи Зебонинг ичига олов ёқди. Улар дам олиш куни Зулхуморникида учрашишга келишиб олишди. 
Зебо уйига келганда анча кеч бўлиб қолганди. Қизи Саодат ухлаб қолган, онаси Қумри хола эса ҳамон бедор кутиб ўтирарди.
– Ишинг ҳам бор бўлсин-да, қизим, – деди онаси. – Бечора қизинг ишдан келгунингча ухлаб қолади, тағин уйғонмасдан ишга кетасан.
– Нима қил дейсиз, ойи, ахир иш бу. 
Зебо овқатланиб бўлгач, ётоғида анча вақтгача ухлолмай ётди. Унинг хаёлида дугонасининг "Хоҳласанг, фирмамиз сени қарзга олиб кетади, қарзингни у ерга боргач, ишлаб қайтарасан", деган гапи чарх урарди.
Саодатга аяси бу якшанба хўрозқанд бермади. Чунки у хўрозқандга пул топиш учун Зулхумор билан Исроилга  кетганди. 
Дам олиш куни берилиши одатга  айланган хўрозқанддан дарак бўлавермагач, Саодат бувисидан сўради: 
– Бувижон, ойим қаерда, нега менга хўрозқанд бермаяпти?
– У сафар айтгандим-ку, болажоним, ойинг сенга хўрозқанд, шар, кўйлак олиб бериш учун ишлашга кетди. 
– Қачон келади? 
– Кўп пул топганда.  
Мана, орадан уч йил ўтди ҳамки, Зебодан уйига бир сўм келмади. У биринчи йил қарзни узаётгани ва тез орада пул жўнатишини айтди. Кейинги йилда қўнғироқлар камайди, телефон қилганда иши кўплигини айтиб, онаси билан суҳбатни чўзмас, ҳол-аҳвол сўрашгач, гўшакни қўйиб қўярди. Онаси "Қаерда ишлаяпсан?", "Нима иш қиляпсан?" каби саволларига қисқагина "Ҳаммаси яхши" жавобини оларди, холос. Бир йилдирки, Зебодан дарак йўқ. Ўзининг чекаётган соғинч ва изтироби камдай невараси Саодат онам билан гаплашаман, деб йиғлаб, хархаша қилади. 
Бир куни Қумри хола кўчада набираси Саодатнинг ким биландир тортишаётганини эшитиб қолди. У ёнидаги болага йиғлаганича: "Менинг аям жуда яхши, чиройли, у ҳозир узоқда ишлаяпти. Пули кўпайса, келади. Менга хўрозқанд, шар, кўйлак олиб беради", деди ва уйга – бувисининг олдига югуриб келди. Қумри хола уни юпатиб, ёнига ётқизди. Саодат пиқ-пиқ йиғлаганича ухлаб қолди. Бир маҳал у уйқусида "Қаердасиз, аяжон? Хўрозқанд ҳам керакмас! Сизни соғиндим", дея йиғламсираб гапирди. Аммо у ойисининг  одам савдоси қурбонига айланганини билмасди.  

Тожихон ОХУНОВА,
Самарқанд шаҳри.