Қайноналарга ҳам ҳимоя ордери бериляпти
«Қаерга борсанг боравер, сенга ким ҳам қулоқ соларди!» Бу – эри ва ҳатто болалари томонидан мунтазам камситилиб келинаётган аёлга эри томонидан айтиб келинаётган таҳдидлардан бири. Аёл бундай хўрликларга чидай олмай, тегишли идорага мурожаат қилди.
Мурожаат натижаси қандай бўлди? Умуман, бу аёлни эри, болалари нега ҳақорат қилади ўзи?
Гап зўравонлик, тазйиқ ҳақида кетганида ҳанузгача энсаси қотадиган амалдорлар кам эмас. Бу масалада ҳалиям аёлни айблайдиган аёллар ҳам бор ҳатто. Бундай жамиятда ушбу масалада гапириш, аёлларни ҳимоя қилиш енгил кечмаслиги табиий. Аммо кейинги пайтда аёлларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш масаласига алоҳида эътибор берилмоқда, бу борада жиддий қадамлар ташланди. Тегишли идораларда бу масала билан шуғулланадиган штатлар ажратилди, оиладаги, умуман, хотин-қизларга нисбатан бўлаётган зўравонлик, тазйиқларга эътибор кучайди.
- Кўпчилик оиладаги нотинчликларга ички ишлар идоралари ходимлари аралашса, бу оиладаги кейинги вазият яхшиланмайди, деган фикрда, - дейди вилоят ИИБ жамоат хавфсизлиги хизмати ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси бошлиғи ўринбосари, подполковник Нигора Ёдгорова. – Аксинча, оиладаги зулм, тазйиқ давом этаверса, бу хонадонда бир куни жиноят содир этилиши мумкин. Уйдаги гапни кўчага чиқарма, милисани аралаштирсанг, оила деганинг оила бўлмайди, деган фикр вазиятни янада оғирлаштиради.
Вилоят бўйича йил давомида 2033 нафар хотин-қизга ҳимоя ордер берилган. Тазйиқ ва зўравонлик содир этилган жойлар ҳақида гап кетганда, уларнинг 1814 таси оилада, 177 таси кўчада, 14 таси жамоат жойида, 15 таси таълим муассасаси ҳамда 13 таси иш жойида юзага келганини айтиш жоиз. Ҳимоя ордерларининг катта қисми эр томонидан хотинга ўтказилган зўравонлик натижасида берилган. Кейинги йилларда яна бир ҳолатни кузатиш мумкин, яъни қайноналарга келинларидан ҳимояланиш учун ҳимоя ордерлари берилаётгани. Жумладан, бу йил келинларнинг қайнонасига зуғум ўтказгани учун 32 нафар қайнонага ҳимоя ордери берилди. 57 нафар келинга эса қайнона томонидан ўтказилган тазйиқ туфайли шундай ҳужжат тақдим этилди. Шунингдек, бошқа турли ҳолатлар бўйича 499 ҳолатда жабрланганларга ордер расмийлаштирилган.
Тазйиқ ва зўравонликнинг 781 таси жисмоний зўравонлик, 5 таси жинсий зўравонлик, 7 таси иқтисодий зўравонлик, 930 таси руҳий зўравонлик, 310 таси эса тазйиқ сирасига киради.
Аҳоли орасида хотин-қизларнинг зўравонликларга сабр қилиши эмас, балки уларни вақтида тегишли ташкилотларга етказиш кераклиги ҳақида доимий тарғибот ишларини олиб борамиз. Ҳар бир шаҳар ва тумандаги ички ишлар идораларида хотин-қизлар масалалари бўйича инспекторларимиз ишлаяпти.
Юқорида мисол тариқасида келтирилган, бир неча йилдан бери турмуш ўртоғи томонидан калтакланаётган аёлда руҳий хасталик мавжуд. Бу хасталик ўз-ўзидан пайдо бўлмаган. Тўртинчи фарзандини дунёга келтирганидан сўнг чақалоқ кўп яшамай, нобуд бўлади. Турмуш ўртоғи Россияда бўлгани сабабли қайнона ҳар сонияда келинига тазйиқ ўтказиб, «Ўғлим келса, сени ўлдиради, неварамни нобуд қилдинг», дея гапиришдан тўхтамайди. Бу гап-сўзлардан сўнг келиннинг руҳиятида ўзгаришлар пайдо бўла бошлади. Йиллар ўтиб, ўғил Россиядан келса, фарзанди нобуд бўлгани камдай, аёлининг саломатлиги ҳам ҳаминқадар эканини кўради. Буни қарангки, бу синовлар ўғилни сергак торттирмайди, аксинча, аёлини дўппослаб, аламини олади. Баъзида соғ, баъзида носоғ аёл ҳам тақдирим шунақа экан, дея кўниб юраверади. Буни қарангки, бу оилада улғаяётган фарзандлар ҳам отасидан улги олиб, онасини калака қилади, ҳатто қўл кўтаради. Бу азоблардан чарчаган аёл охири ички ишлар идорасига мурожаат қилади.
- Руҳий хаста инсонларнинг мурожаати ҳар доим ҳам жиддий қабул қилинмайди баъзи идораларда, - дейди Оқдарё тумани ички ишлар бўлимининг хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспектори Дилдора Эшонқулова. – Лекин бу аёл келганда юзлари шишган, кўкарган эди. Шунинг учун ҳам бу иш билан жиддий шуғулланишга киришдим. Авваламбор, у аёл оиласи билан яшаяпти, бир умр қийналди, энг ёмони, бугун фарзандлари унинг ёнига кириб, қанот бўлиш ўрнига калака қиляпти. Турмуш ўртоғига бундай вазиятда унга қандай чора кўрилишини айтиб, огоҳлантирдим. Аёлга ҳимоя ордери берилди. Маҳалла ва бошқа ташкилотларнинг шу оиладаги муҳитдан хабардор бўлишини таъминладик. Ҳозирча бу оилада вазият яхши, лекин улардан доимий хабардор бўлиб туриш керак.
Туманда бу йил 151 нафар хотин-қизга ҳимоя ордери берилди. Ҳимоя ордери берилганда зўравонлик содир этган шахсга унинг хатти-ҳаракатлари қонунга зид эканлиги, агар бир ой ичида яна шу ҳолат такрорланса, унга маъмурий жавобгарлик, яъни 15 сутка белгиланиши тушунтирилади. Йил бошидан бери 8 ҳолатда зўравонлик такрорлангани учун маъмурий қамоқ жазоси белгиланди. Шу йилдан бошлаб биз фаолиятимизни ижтимоий хизмат ходимлари билан ҳамкорликда олиб боряпмиз. Ижтимоий хизмат ходимларининг асосий вазифаларидан бири зўравонликдан жабр кўрган хотин-қизларга ёрдам кўрсатиш бўлгани учун бу масалада ҳамкорлигимиз самарали бўлмоқда. Икки нафар аёлнинг оиласида вазият оғир бўлгани учун уларни реабилитация марказига жойлаштирдик.
Тўғри, бу рақамлар бизга бўлган мурожаатлар асосида олиб борган ишларимиз натижаси. Аммо оиласида доимий калтакланиб, бу ҳақда ҳеч кимга билдирмай яшаётган аёллар ҳам бор, афсуски. Шунинг учун жойларда тарғибот тадбирларини олиб борган пайтимизда хотин-қизларга қўшнингиз уйида содир бўлаётган зўравонликларга бефарқ бўлманг, аноним тарзда бўлса ҳам бу воқеалардан бизни хабардор қилинг, деб тушунтирамиз.
Зўравонлик масаласи фақат аёллар эрларидан жабр чекади, деб ўйлаймиз. Аммо қайноналарга ҳимоя ордерлари берилаётгани, келиннинг зуғумидан қийналаётган ёши улуғ онахонларнинг кўпаяётганини нима билан изоҳлашни билмайсан киши.
Гулруҳ МЎМИНОВА.