Қайта молиялаштириш ставкаси пасайди, кредит фоизлари тушадими?
Республика Марказий банки қайта молиялаштириш ставкасини 1 фоизга пасайтириб, 14 фоиз даражасида белгилади. Хўш, ушбу пасайтирилиш қайси кредитлар ставкаларига таъсир қилади?
Мазкур пасайтирилиш депозитлар бўйича фоиз ставкалар, банклараро пул бозори фоиз ставкаларига ўз таъсирини ўтказади ҳамда пасайтиришдан кўзланган асосий мақсад кредитлар бўйича фоиз ставкаларининг пасайиши ва унга талабнинг ошиши натижасида иқтисодий фаолликни қўллаб-қувватлашни таъминлаш ҳисобланади.
Марказий банк томонидан ушбу қарор иқтисодиётда ижобий реал фоиз ставкаларини сақлаб қолиш зарурати, шунингдек, пандемия шароитида инфляцияни пасайтириш ва иқтисодий фаолликни қўллаб-қувватлашга қаратилган.
Ушбу пасайтирилиш бир нечта кредит турларига тўғридан-тўғри таъсир қилади. Масалан, тижорат банклари томонидан таълим кредитлари 2020 йил 1 январга қадар Марказий банкнинг амалдаги қайта молиялаш ставкасидан юқори бўлмаган ўзгарувчи фоиз ставкаларида ажратилган. Мазкур низомда таълим кредитлари бўйича фоиз ставкаси ва тижорат банклари томонидан қўшиладиган фоизлар учун тўловлар миқдори Марказий банкнинг қайта молиялаш ставкаси ошиш ёки камайишига қараб ўзгариши мумкин. Бу кредит шартномасида қайд этилган бўлиши керак.
Шунингдек, 2020 йил 1 январдан таълим кредитлари ставкалари бозор ставкаларида белгиланади.
Демак, 2020 йил 1 январга қадар таълим кредити олган шахслар агарда банк билан тузилган шартномада фоизлар Марказий банкнинг қайта молиялаш ставкасида белгиланиши тўғрисида банд бўлса, кредит фоиз ставкасини 1 фоизга пасайтириш ҳақида тижорат банкига талаб қўйиши мумкин.
«Ҳар бир оила - тадбиркор» дастури доирасида кредитлар ажратиш Марказий банкнинг қайта молиялаштириш ставкасида, 2021 йил 1 январдан эса тижорат банклари томонидан бозор тамойиллари асосида мустақил равишда ўрнатиладиган ставкаларда ажратилади. Шундан келиб чиқиб, «Ҳар бир оила - тадбиркор» дастури доирасидаги кредитлар 2020 йил 11 сентябрь санасидан бошлаб расмийлаштириладиган кредит шартномаларига мувофиқ йиллик 14 фоиз ставкада ажратилади.
Президентимизнинг “Ипотека кредити механизмларини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2019 йил 28 ноябрдаги Фармонининг 4-бандида янги тартиб доирасида Молия вазирлиги томонидан тижорат банкларига ажратилган маблағлар ҳисобидан бирламчи уй-жой бозорида сотиладиган квартираларни (шу жумладан, янги тартиб доирасидан ташқари қурилган ва бирламчи уй-жой бозорида сотиладиган квартираларни) сотиб олиш учун ипотека кредитлари бўйича фоиз ставкалари Марказий банкнинг қайта молиялаштириш ставкаси пасайтирилганда ипотека кредитлари бўйича фоизлар мутаносиб равишда камайиши, оширилган тақдирда эса ўзгаришсиз қолиши белгиланган. Шундан келиб чиқиб бирламчи уй-жой бозорида сотиладиган квартираларни сотиб олиш учун ипотека кредитлари бўйича фоиз ставкалари мутаносиб равишда пасайтирилади.
Ш.СУВОНҚУЛОВ, Марказий банк Самарқанд
вилояти бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари.
Ж.БАҲРИЕВ, кредит бошқармаси бошлиғи.