Қилинган ишлар одамларга қулайликлик яратишгами ёки раҳбарлар кўриши учунми?

Самарқанд шаҳридан Имом Бухорий зиёратгоҳига элтувчи кўча вилоятда барча талабга мос ягона йўл бўлса керак. Чунки айни кўчанинг қарама-қарши йўналиши махсус тўсиқлар билан ажратилган. Йўл четларида тунги ёритиш воситалари ўрнатилган, яшил йўлаклар яратилган.

Ва албатта, алоҳида пиёдалар йўлаклари (тротуарлар) қурилган. Аммо бу йўлаклар номига, хўжакўрсин учун қилинмаганми?

Туризм Самарқанднинг драйвери ҳисобланади. Соҳада кўпроқ даромад олишнинг асосий йўли келаётган ҳар бир сайёҳни имкон қадар кўпроқ олиб қолишдан иборат. Бунинг учун албатта, шароит ва қулайликлар шунга мос бўлиши керак.

Бироқ юқорида таъкидланганидек, Самарқанд шаҳри ва Имом Бухорий зиёратгоҳига элтувчи кўчада пиёдалар ва вилосайёҳлар учун ташкил қилинган йўлаклар номига қурилган.

Масалан, йўлакнинг қайси жойидан кўча кесиб ўтса ва бош ҳолатларда қиялик йўқ.

Бундай ҳолат кўпинча нафақат велосипедда, балки ёши каттароқ ёки жисмоний имконияти ҳаминқадар одам учун ҳам ноқулайлик туғдиради.

 

Яна бир ажаблантирган жиҳат шуки, аксарият ҳолларда магистрал йўлга уланган кўчаларни пиёдалар кесиб ўтиши учун "зебра" чизиғи йўқ.

Ўзбеккенти маҳалласидаги айлана (круг) ҳақида аввал ҳам айтгандик. Бироқ негадир инфратузилманинг ҳаминқадарлиги эътибордан четда қолдирилмоқда.

Оқдарё туманидаги Бошдархон маҳалласи (халқ тилида Саёҳат массиви)дан ҳар минутда ўнлаб машиналар кириб-чиқади. Лекин бу ерга махсус белги ва пиёдалар йўлни кесиб ўтиши учун йўлак ташкил қилиш ҳеч кимнинг ёдига келмаган.

Бундай ҳолатларнинг энг ажабланарлиси, Имом Бухорий зиёратгоҳи яқинидаги "Чоштепа" туризм қишлоғида. Чунки бу ерда ажойиб пиёдалар йўлакчаси ташкил этилган бўлиб, қишлоққа кираётган автомобиль йўлини пиёдалар кесиб ўтиши ҳам белгиланган. Аммо "зебра" бўлиши кераклиги нима учундир унутилган.

Аслида кейинги ҳолат ҳам бундан кам эмас. Чунки, Имом Бухорий мажмуасига 150-200 метр берида пиёдалар йўлакчаси автомобиль йўли билан кесишади. Ва айни шу жойда ҳаммаси - қурилиш, тегишли йўл белгиларини ўрнатиш ҳам тугайди.

Табиий савол туғилади, нега бирор ишни сифатли, айни дамда талаб даражасида амалга ошириш ва якунлаш учун айнан вилоят ҳокими назорат қилиши керак?

Мутасаддилар, соҳани назорат қилувчи шахслар нима учун бу ишларни қабул қилиб олаётганда оддий, бироқ муҳим бўлган бу жиҳатларга эътибор қаратишмайди?

Ёқубжон Марқаев,

Асқар Баротов.