Қинғир ишнинг қийиғи чиқади

Бундан 10-15 йиллар олдин бир қадар тўхтаб қолган қурилиш соҳаси кейинги йилларда кўлами жиҳатидан бошқа йўналишларни бирмунча ортда қолдирмоқда. Салмоқ ортиб бораётгани яхши албатта, аммо қинғирликларга йўл қўйилмаяптими? Тизимда сифатни ошириш, соҳани замонавий асосларда ривожлантириш учун қандай ишлар амалга оширилмоқда?

Маълумотларга кўра, вилоятимизда 2020 йил инвестиция ва бошқа дастурлар асосида 3 минг 316 та объект, шу жумладан 52 та умумий ўрта таълим мактаби, 14 та мелиорация, 21 та соғлиқни сақлаш, 23 та ичимлик суви объектлари, 46 та мактабгача таълим ташкилоти, 5 та олий таълим муассасасида қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилган.

Шунингдек, 464 хонадонли кўп қаватли арзон уй-жойлар, 240 хонадонли “Ўзшаҳар қурилиш инвест” иштирокидаги кўп қаватли арзон уй-жойлар рўйхатга олинган.

- Рўйхатга олинган объектларда қурилиш-таъмирлаш ишлари талабга мувофиқлиги назоратга олиниб, 2733 марта текширишлар ўтказилди, - дейди вилоят қурилиш назорати инспекцияси бошлиғи Ҳамдам Жабборов. – Ўрганишлар давомида аниқланган камчиликлар юзасидан 593 та ёзма кўрсатмалар берилиб, камчиликларнинг бартараф этилиши таъминланган.

Лойиҳалаш, қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилаётганда талабларни бузиш, шунингдек қурилиш ишлари сифатини назорат қилиш инспекцияларининг кўрсатмаларини бажаришдан бўйин товлаш ёки ўз вақтида бажармаслик ҳолатлари юзасидан маъмурий жавобгарлик масаласини ҳал этиш бўйича 29 та ҳужжатлар тўплами тегишли суд органларига юборилган.

Инспекция синов лабораторияси томонидан мактаблар, намунавий уй-жой қурилиши ва бошқа объектларда қурилиш-таъмирлаш ишлари ва маҳсулотлари сифатини аниқлаш юзасидан синов ишларини бажариш учун 164 та шартнома тузилиб, 1373,58 миллион сўмлик лаборатория хизматлари кўрсатилган.

Бундан ташқари, қурилиш-таъмирлаш ишларини бошлаш учун хабардор этиш орқали 740 та ариза кўриб чиқилиб, объектлар рўйхатга олинган ва назорат тадбирлари амалга оширилган.

Бажарилмаган ишнинг миллионлари

2020 йил ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури доирасида бюджет маблағлари ҳисобидан вилоятда 227 та, жумладан, 3 та йилдан йилга ўтувчи ва 8 та янгидан бошланадиган объектларни қуриш, реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш ва жиҳозлаш ишларига 1 триллион 189,4 миллиард сўм ажратилган.

Шунингдек, Инқирозга қарши курашиш жамғармасининг 193,9 миллиард сўм маблағи ҳисобидан 57 та объектларда қуриш, реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш ва жиҳозлаш ишлари амалга оширилган.

Самарқанд вилоятини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан 12 та объектни параллел қуриш, реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш ва жиҳозлаш ишларига 239,8 миллиард сўм ажратилган.

- Ўтказилган назорат тадбирлари давомида бир қатор қурилиш-таъмирлаш ишларида қонунбузилиши ҳолатлари аниқланган, - дейди вилоят прокуратураси бўлим бошлиғи Эркин Раҳматуллаев. - Жумладан, Самарқанд шаҳрининг Гулобод кўчаси бўйлаб Хўжа Аҳрор Вали тарихий обидасидан Термиз кўчасигача бўлган ҳудудда 1407 метр сув ва оқова тармоғи қурилишида пудратчи ташкилот томонидан бажарилмаган ишларга 78,6 миллион сўм қўшиб ёзилиб, талон-торож қилинган. Афросиёб кўчасида ичимлик сув қудуқлари қурилишида 85 миллион сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилмаган.

Самарқанд тумани “Она Замин” массивида насос станцияси қуриш объектида эса қувур нархлари 657,9 миллион сўмга ошириб кўрсатилган. Насос станцияси ишламаслиги ва жўмрак очиқ ҳолатда қолдирилганлиги оқибатида оқова сувлари Қорадарёга ташланиб, табиатга 99,1 миллион сўм зарар етказилган.

Самарқанд шаҳри ва Паст Дарғом тумани ободонлаштириш бошқармалари ҳамда “Сувоқова” давлат унитар корхонаси томонидан 1,5 миллиард сўмлик техника ва асбоб-ускуналар маҳаллий корхоналардан импорт нархидан қимматга харид қилинган.

Шунингдек, Паст Дарғом тумани ички йўлларини таъмирлаш бўйича 460,3 миллион сўмлик бюджет маблағлари ўзлаштирилган.

“Самарқанд уй-жой таъмир” ПБТ ДУК мансабдор шахслари “Тошэлектроаппарат” хусусий корхонасидан сотиб олинган 2 дона носоз лифтнинг 87,6 миллион сўмлик эҳтиёт қисмларини талон-торож қилган.

Бундан ташқари, 127 та кўп қаватли уй-жойларни таъмирлашда 129,7 миллион сўм, ичимлик суви ва оқова тармоқлари бўйича 20,8 миллион сўм ва йўлларни таъмирлаш ва ободонлаштириш ишларида 11,9 миллион сўмлик ишлар бажарилмаган.

Албатта, мазкур ҳолатлар юзасидан жиноят ишлари қўзғатилган. Шунингдек, бу борада вилоят прокуратураси томонидан тегишли ишлар олиб борилмоқда.

Ё.Марқаев.