Экинлар ва сабзавотларни вертикал ҳолда етиштириш йўлга қўйиляпти
Самарқанд шаҳрида “Мирзо Улуғбек ворислари” республика танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.
2022 йилдан бери ўтказиб келинаётган ушбу танловга 2 мингдан зиёд ёшлар қатнашиш истагини билдириб, онлайн ариза билан мурожаат қилди. Танловнинг вилоят босқичида 80 нафар ёшлар ўз илмий лойиҳалари билан қатнашди.
- Бу танловда асосан стартап лойиҳалар кўриляпти, - дейди Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи Алишер Норбоев. – Лойиҳанинг инновацион янгилиги, мукаммаллиги, кутилаётган натижасига қараб баҳоланяпти.
Танловда ертутнинг вертикал йўналишда ўстириш технологияси тақдим этилди.
- Менинг лойиҳам қишлоқ хўжалиги экинлари ва сабзавотларини вертикал ҳолда етиштириш, - дейди Тошкент давлат аграр университети Самарқанд филиали магистри Бобуршер Омонов. – Лойиҳанинг аҳамияти шундаки, кўп қаватли хонадонларга, офис, биноларга декоратив безак бериш, қолаверса рўзғорда бемалол ўзлари етиштириб, фойдаланиб, истеъмол қиладиган даражада тармоқ тизимини ишлаб чиқишга бел боғлаганмиз.
16-25 ёш тоифасидаги танлов иштирокчилари мини технологиялар, роботатехника, дастурлаш, инновация хизматлари, қишлоқ хўжалиги ва биотехнологиялар йўналишида ўз лойиҳаларини тақдим этишди ва 20 нафар муносиб деб топилган лойиҳа муаллифлари танловнинг республика босқичига йўлланмани қўлга киритишди.
Ғолиблар базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баробари миқдорида пул мукофоти, диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.