Қишлоқ хўжалиги илғорлари эътироф этилди
Хабар қилганимиздек, Самарқандда Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги ходимлари куни муносабати билан байрам тадбири ўтказилди.
Унда қишлоқ хўжалиги соҳасини ривожлантиришга ҳисса қўшаётган вилоятимизнинг илғор деҳқон ва фермерлари, боғбон ва чорвадорлар, пиллакор ва соҳибкорлар, сувчи-ирригаторлар, агроном ва механизаторлар, агрокластерлар вакиллари, олимлар иштирок этди.
Вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов самарқандлик қишлоқ хўжалиги ходимларини байрам билан табриклаб, бу йил эришилган натижаларни эътироф этди.
– Қишлоқ хўжалик соҳаси энг шарафли, айни вақтда машаққатли тармоқлардан биридир, – деди Э.Турдимов. – Ҳеч бир йил, ҳеч бир мавсум соҳа вакиллари учун осон кечмайди, ўзига хос синовлар, мураккабликлар бўлади. Шу жиҳатдан бу йил ҳам глобал иқлим ўзгаришлари, хусусан, ёз фаслининг кескин иссиқ бўлиши, сув ресурслари тақчиллиги деҳқонларимизнинг ирода ҳамда матонатини синовдан ўтказди.
Соҳада узоқни кўзлаб амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида қишлоқ хўжалиги ходимлари бу синовлардан муваффақиятли ўтиб, салмоқли натижаларга эришдилар. Жумладан, якунига етаётган йилда вилоятимизда 713 минг тонна ғалла, 274,1 минг тонна пахта, қарийб 2 миллион тонна сабзавот, 760 минг тонна картошка, 172 минг тонна полиз маҳсулотлари, 388 минг тонна мева, 637 минг тонна узум, 3,3 минг тонна пилла, 338 минг тонна гўшт ҳамда 1,5 миллион тонна сут тайёрлашга эришилди.
Бунда вилоятимизда фаолият кўрсатаётган 12 та пахта-тўқимачилик, 13 та ғаллачилик, 13 та мева-сабзавотчилик, 6 та картошкачилик ва 1 та доривор ўсимликларни етиштирувчи кластерлар фаолияти муҳим аҳамият касб этди.
Тантанали байрам тадбирида қишлоқ хўжалиги ходимларининг бир гуруҳи “Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги фидойиси”, “Ветеринария фидойиси”, “Сув хўжалиги аълочиси”, “Чорвачилик фидокори” кўкрак нишонлари, вилоят ҳокимлигининг фахрий ёрлиқлари ва қимматбаҳо совғалари билан тақдирланди.