"Қўлимда бемор жон берганда шифокор бўлганимдан афсусланганман"
Роҳила Шамсиева 40 йилдан бери Оқдарё туманининг Ойтамғали маҳалласи аҳолисига тиббий хизмат кўрсатиб келади. У тиббиёт соҳасида ҳозирги ва олдинги технологияларни қиёсларкан, бир пайтлар шифокор бўла туриб, беморларга сифатли тиббий хизмат кўрсатолмаганлигини афсус билан хотирлайди.
Бугун тиббиёт муассасаларида яратилган имкониятлар билан аввалгиларини солиштириб бўлмайди, - дейди Роҳила Шамсиева. – Биргина мисол, туманимизнинг энг олис ҳудудида жойлашган, мен раҳбарлик қилаётган “Ойтамғали” оилавий шифокорлик пунктида ҳам аҳолига бирламчи тиббий хизмат кўрсатиш учун барча шароит бор. Қўшни маҳаллада тез тиббий ёрдам шохобчаси мавжуд. Эҳтиёж сезилса беш дақиқада етиб келяпти. Авваллари тез тиббий ёрдам машинаси йўлига соатлаб кўз тиккан кунларимиз бўлган. Бир бемор оғирлашиб қолса уни марказий шифохонага етказиш учун улов жуда қийин эди. Ҳеч эсимдан чиқмайди, бир аёл ларингит касаллигига чалинган фарзандини оғир аҳволда қабулимга олиб келди.
Бор имкониятимни ишга солдим, аммо аҳволи оғирлиги учун уни марказий шифохонага олиб бормасак бўлмасди. Қўнғироқ қилиб чақирилган тез ёрдам машинасидан дарак бўлавермагач, уни йўлда дуч келган улов билан марказга олиб кетдик. Минг афсуски, у йўлда, қўлимда жон берди. Шунда шифокор бўла туриб, уни асраб қололмаганимдан афсусланганман. Ўша пайтда бугунгидек имкониятлар бўлганида, у бола тирик қолиши шубҳасиз эди.
Бугун олис ҳудудда жойлашган оилавий шифокорлик пункти замонавий тиббий асбоб-ускуналар, лаборатория жиҳозлари билан таъминланган. Пунктда ҳар бирида бир нафардан умумий амалиёт ҳамшираси, патронаж ва доя бўлган 3 та бригада маҳалланинг 6200 нафар аҳолисига тиббий хизмат кўрсатиб келяпти.
- Ўзим кеча-ю кундуз, дам олиш кунларида ҳам мурожаат қилувчи беморлар учун ишда бўламан, - дейди Роҳила опа. – Сабаби ҳовлим пункт ҳовлисига туташиб кетган. Маҳалладошларимга жамоамиз билан қўлимиздан келганча хизмат кўрсатамиз. Оддий тиббий кўрикдан ўтиш учун туман ёки вилоят марказига бориб келиши каби сарсонгарчилик ҳозир йўқ.
Маҳалладаги мавжуд 5 та қишлоқдан энг олиси – Пилолда мазкур тиббиёт муассасасига қарашли кичик тиббиёт пункти ҳам ташкил этилди. Бу қишлоқ аҳолисининг оғирини енгил, узоғини янада яқин қилди.
Тўлқин СИДДИҚОВ,
Бахтиёр МУСТАНОВ (фото).