Қўлбола иситиш мосламаларидан фойдаланиш оқибатида турли кўнгилсиз ҳодисалар юзага келади

Самарқанд вилояти давлат солиқ бошқармасида ёнғин хавфсизлигини таъминлаш, ис гази билан боғлиқ салбий ҳолатларнинг олдини олишга бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Тадбирда Самарқанд шаҳар ёнғин хавфсизлиги бўлими катта инспектори А.Маҳмудов ёнғин хавфсизлиги қоидаларига қатъий риоя қилиш ва қиш мавсумида турли қўлбола иситиш мосламаларидан фойдаланмаслик зарурлигини алоҳида таъкидлаб, ис гази ва унинг инсон ҳаётига хавфли таъсири хусусида атрофлича тўхталиб ўтди.
- Ҳаво ҳароратининг пасайиши билан иссиқлик энергиясига бўлган талаб тобора ортиб боради, – деди бошқарманинг меҳнатни муҳофаза қилиш ва сафарбарлик ишлари бўйича давлат солиқ инспектори Баҳодир Зафаров. – Шу боис турли иситиш мосламаларига бўлган эҳтиёж ҳам ошиши табиий. Қўлбола ва белгиланган стандарт талабларига жавоб бермайдиган иситиш мосламаларидан фойдаланиш оқибатида турли кўнгилсиз ҳодисалар, жумладан, ёнғин рўй бериши хавфи юзага келади. Куз-қиш мавсумида ёнғин хавфсизлиги қоидаларига қатъий риоя этиш “тилсиз ёв” билан боғлиқ бўлган кўнгилсиз ҳодисаларнинг олдини олишда муҳим аҳамият касб этади.
Тадбирда ёнғинлар ва уларни келтириб чиқарувчи омиллар хусусида ҳикоя қилувчи видеоролик иштирокчиларга намойиш этилди.
Умид АЛИМОВ,
Самарқанд вилояти давлат солиқ бошқармаси ахборот хизмати ходими.