Қўлда ёзишнинг 4 фойдаси
Бугун қўлда мактуб битиш узоқ ўтмишга айланиб қолгандек. Нафақат оддий одамлар, балки ёзувчилару журналистларнинг ҳам кўпчилиги бугун қоғоз, қаламдан йироқлашди. Уяли телефонларнинг кичик катакчалари ёхуд компьютер клавиатурасида ҳарф теришга бармоқларимиз мослашиб кетди. Ваҳоланки, қўлда ёзишнинг бир қатор афзалликлари, ҳатто соғлиққа фойдали жиҳатлари борлигини олимлар исботлашган.
1. Қўлда ёзиш мия ярим шарлари фаолроқ ишлашига туртки бўлади. Диққатни жамлаш, ҳиссиётларни жиловлаш осон кечади ва жумлалар қоғозга равон тушади.
2. Қўлда ёзилган маълумотлар, хат-хабарлар хотирада яхши сақланиб қолади. Шу сабаб ҳам таълим муассасаларида ўқувчи ва талабаларга дарс мавзулари ва уй вазифаларини қўлда ёзиш сўралади.
3. Ёш болаларнинг бармоқлар моторикаси ривожланиши ҳамда нутқи тезроқ чиқишига ҳам қўл билан ёзиш кўмак беради.
4. Инсон хатига қараб, шифокорлар унда қандай хасталиклар мавжудлигини тахмин қилишлари мумкин. Масалан, сўзлар кетма-кетлигини адаштириб, сўзларда хатога йўл қўйиб ёзиш Альцгеймер (шунингдек, саводсизлик) касаллиги белгиси бўлиши эҳтимолдан холи эмас. Катта-катта ҳарфлар билан ёза бошлаб, кейин уларнинг майдалашиб кетиши эса Паркинсоннинг илк аломатлари бўлиши мумкин. Албатта, аниқ хулосани шифокор тўлиқ текширувлар натижасига қараб беради.