Қўлларим йўқ, аммо томорқамиз бор, унда ишлай оламан!

Оқдарёлик Муҳаммад  Сатторовнинг уйига кутилмаганда болали сигир келтирилди. Ахир у ҳеч кимга мурожаат қилмаган, ёрдам сўрамагандику? Тасодифмикан, деган хаёлга ҳам борди, аввалига. Йўқ, мутасаддилар манзил аниқлигини айтди.

Гап шундаки, Оқдарё туман ҳокими аҳоли турмуши билан танишиш мақсадида маҳаллаларда бўлганида, томорқасида оёғи билан меҳнат қилаётган Муҳаммаджон акага кўзи тушди. Икки қўли бўлмаса-да  экин-тикин ишларини бажараётган Муҳаммад акани кўрган ҳоким шу хонадонга кириб, уларнинг ҳолидан хабар олди. Оиланинг яшаш тарзи, турмуши билан қизиқди. Муҳаммаджон акага, баъзи соғлом одамлар дангасалиги туфайли қилмаётган иши учун раҳмат айтди.

Шу учрашувнинг эртаси куни оилага бир бош сигир бузоғи билан берилди.

- 14 ёшимда бахтсиз ҳодиса туфайли икки қўлимдан ажралиб қолдим, - дейди Тортувли қишлоғида истиқомат қилувчи Муҳаммад Сатторов. – Ўша йиллари ота-онам ҳеч бўлмаса протез қўйдиришга яроқли бўлсин, деб анча даволатишган. Қолаверса, биз бир оилада етти ака-ука катта бўлганмиз. Ака-укаларим доим менга ёрдам бериб келишди, руҳан далда бўлишди. Турмуш ўртоғим билан рўзғор тебратиб, неваралар улғайтираяпмиз, шукур. 10 сотихча томорқамиз бор, рўзғорга керакли барча сабзавотларни шу томорқамизда ўзимиз етиштирамиз. Мевали дарахтларнинг бир нечтасини парваришлаймиз. Чорвамиз йўқ эди, мана ҳокимимиз болали сигир олиб келди. Тўғриси, кутмаганим учун шошиб қолдим. Минг раҳмат! Мурожаат қилмаганмисиз, ёрдам сўрамаганмисиз, деб сўрашди. Нега мурожаат қилишим керак? Қўлларим йўқ, аммо томорқамиз бор, унда амаллаб ишлай оламан, турмуш ўртоғим ёрдам беради. Невараларим ҳам қаторимизга кириб қолади, Худо хоҳласа. Тўғри, осонлик билан бўлмайди бу ишлар, меҳнатдан ташқари маблағгаям кўп нарса боғлиқ. Лекин бу ҳаётда енгил яшаб бўлармиди. Машаққат чексанг роҳатини кўрасан, албатта.

Дарвоқе, Муҳаммаджон ака яхшигина қўшиқ айтади. 14 ёшида тўсатдан қўлларидан ажралиб қолгач, чўпонлик қилди, мол боқди. Қўшиқ хиргойи қилиб, дардларини унутди, уйланди, фарзанд улғайтириб, турмуш ташвишларини мардонавор енгиб ўтаверди, йиллар ортда қолаверди… Ёш пайтларида устоз санъаткорларнинг қўшиғини айтиб, ҳатто гуруҳ ҳам тузган, маҳалладошларининг яхши кунларида хизмат қилган пайтлари бўлган. Дарди билан ўралашиб қолмаган, ҳаётдан ўз улушини олиб яшаш кўникмасини шакллантирган Муҳаммаджон ака ҳозир ҳам санъат шайдоси, агар астойдил сўрасангиз, албатта, классик қўшиқлардан ижро этиб беради.

Гулруҳ МЎМИНОВА.