Қонун-қоидаларни бузмаган тадбиркорларга имтиёзлар ошиб боради
Жорий йилнинг 1 февралидан бошлаб тадбиркорларнинг барқарорлик рейтинги жорий этилган эди.
У солиқларни ўз вақтида тўлаб, қонунчилик талабларига амал қилган ҳолда фаолият юритаётган тадбиркорларга янада қулай шарт-шароитлар яратиш ва уларни рағбатлантиришни назарда тутади.
Жомбой туманидаги “Monchico” хорижий корхонаси болалар гигиеник воситаларини ишлаб чиқариш билан шуғулланади. Йиллик маҳсулот айланмаси қиймати 7,800 миллион сўм. Унинг маҳсулотлари бугунги кунда Араб Амирликлари, Тожикистон, Қозоғистон, Россия ҳамда Қирғиз Республикаларига экспорт қилинади.
Корхона фаолиятини янада кенгайтириб, қуруқ салфетка ҳамда янги турдаги тагликларни ишлаб чиқара бошлади. Шундай бўлса-да, барқарорлик рейтингида кўрсаткичи пастлиги сабабли қатор солиқ имтиёзларидан фойдалана олмаяпти.
Туман солиқ инспексияси ходимлари корхона раҳбариятига рейтинг ва унда кўтарилиш тартибу шартлари ҳақида тушунча берди, солиқ ҳисоботларини юритишда йўл қўйилган хатолар тузатилди. Натижада корхона ҳам рейтингда кўтарилишни бошлади, ҳам фаолиятини янада ривожлантириш имкониятига эга бўлди.
Маълумот учун, агар тадбиркор “ААА” тоифадаги рейтингга эга бўлса:
- солиқ органлари томонидан текширишлар ўтказилмайди;
- ҚҚСдан ҳосил бўлган солиқ суммаси бир кунда қайтарилади (амалдаги муддат 7 кундан 30 кунгача);
- ҚҚСдан бошқа солиқ турлари бўйича ҳосил бўлган ортиқча солиқлар суммалари уч кунда қайтариб бериш (амалда 10 кундан 15 кунгача) юзасидан қўшимча преференсиялар берилади.
Рейтинги паст бўлган корхоналар учун жазоловчи чоралар назарда тутилмаган.