Қонун устуворлигини таъминлаш нима учун керак?

Давлатимиз раҳбарининг йил бошида Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида қонун устуворлигини таъминлаш орқали давлат ҳокимиятини янада мустаҳкамлаш ва давлат бошқарувини амалга оширишнинг энг муҳим принципларидан эканлиги алоҳида таъкидланди.

Қонун устуворлиги аввало, Конституциянинг устунлигини эътироф этишга бевосита боғлиқ. Конституция фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатланган, мамлакатни дунёга танитадиган, мустақилликни таъминлаб берган давлатнинг паспорти сифатида тан олинар экан, у доим ўзлигимизни кўрсатиб турадиган олий қонундир. Бинобарин, қонун устуворлиги таъминланган давлатда демократик қадриятлар қарор топади ва  мустаҳкам бошқарув амалда бўлади. Бунинг учун бир қатор муҳим тадбирларни амалга ошириш орқали зарур, деб ҳисоблайман.

Биринчидан, ҳар қандай қонун ҳужжати яратилишидан олдин мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг устувор йўналишлари чуқур англаб олиниши, давлат ва жамият тараққиёти ривожланиши йўлида қўйилган вазифалар идрок қилиниши ва мақсадлар аниқлаб олиниши лозим.

Иккинчидан, жамиятда тартибга солинмаган ижтимоий муносабатлар аниқланиши, фуқароларнинг муаммолари ўрганилиши, муҳокама ва мунозараларга сабаб бўлаётган турли қарашлар инобатга олиниши ҳамда илмий асосланиши керак. Давлат органларида қонун ҳужжатлари лойиҳаларини ишлаб чиқиш билан боғлиқ жараёнларда очиқликни таъминлаш, лойиҳаларни кенг муҳокама қилиш, уни тегишли ҳуқуқий экспертизаларини ташкил этиш муҳим омиллардан саналади.

Учинчидан, қонун ҳужжатлари фақат Конституцияда белгиланган нормалар, қоидалар, принциплар доирасида ишлаб чиқилиши ва қабул қилиниши, имкон қадар идоравий характердаги ва ички меъёрий ҳужжатлар қабул қилишни кескин камайтириш, қонун ҳужжатларида инсон ҳуқуқ ва эркинликларини турлича талқин қилишга олиб келадаган ҳаволаки нормалар кириб қолишини олдини олиш,  тўғридан-тўғри қўлланадиган қоидаларнинг яратилиши муҳим омиллардан саналади.

Тўртинчидан, яратилган қонун ҳужжатлари лойиҳалари кенг жамоатчилик муҳокамасига қўйилиши, фуқаролик жамияти институтлари, илмий доиралар ва мутахассисларнинг эксперт кўригидан ўтказилиши, оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилиши лозим.

Бешинчидан, ҳар қандай давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг мақомини янада ойдинлаштириш, уларнинг фақат қонунчиликда белгиланган ваколатлари доирасига кирадиган масалалар бўйича қонун ҳужжатларини қабул қилишга эришиш мақсадга мувофиқ.

Олтинчидан, ҳар бир кишида норма ижодкорлиги қобилиятини ривожлантириш, фикрларни эркин баён қилиш муҳитини шакллантириш, ҳар қандай ғоя ва қарашларни ҳурмат қилиш, уни рағбатлантириш, илм-фан натижалари, олимларнинг илмий хулоса ва таклифларидан унумли фойдаланиш, қонун ҳужжатларини яратишнинг институционал тизимини йўлга қўйиш лозим.

Еттинчидан, амалдаги қонунчиликни хатловдан ўтказиш, умумлаштириш, кодекслаштиришга кенг йўл бериш, қонунчилик жараёнини такомиллаштириш, қонун ҳужжатларини ижро қилиш механизмларини янада ривожлантириш, қонун ҳужжатларини кенг жамоатчиликка ўз вақтида етказишда ахборот коммуникацияларини жорий қилиш, мансабдор шахсларнинг қонун ҳужжатларини шарҳлаш ва талқин қилиш қобилияти ҳамда кўникмаларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратиш ижобий натижа ва самара беради.

Бундай муҳим масала ечими мансабдор шахсларнинг ҳуқуқий билими ва маданиятига ҳам бевосита боғлиқ. Уларнинг ҳуқуқий билим даражаси бир томондан қабул қилинадиган қонун ҳужжатларининг сифатига таъсир кўрсатса, иккинчи томондан қонун ҳужжатларининг ўз вақтида ва ишончли ижросини таъминлашга олиб келади.

Президентимиз томонидан сўнгги пайтларда қабул қилинган қатор фармон ва қарорларда қонун устуворлигига эришишда мансабдор шахсларнинг бошқарув қобилиятини ривожлантириш, қўл остида ишлаётган ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларига сўзсиз риоя этиш, уларнинг шаъни ва қадр-қимматига путур етказмаслик, ходимларнинг ишчанлик қобилиятини ривожлантириш ва ҳар томонлама рағбатлантириш ҳақида раҳбарларнинг огоҳлантирилаётгани бежизга эмас.

Бугунги кунда “давлат органлари ва мансабдор шахслар халқққа хизмат қилиши” асосий бошқарув принципига айлантирилаётган экан, қонун устворлигини таъминлашнинг асосий шартларидан яна бири - бу фуқаролар мурожаатларини ўз вақтида ва сифатли кўриб чиқиш бўлса, иккинчи томонидан мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатлари устидан шикоят қилиш ва уларни кўриб чиқиш тартибларини такомиллаштиришга ҳам боғлиқ. Чунки мансабдор шахсларнинг ўз хизмат вазифаларини нотўғри бажариши, ваколатидан четга чиқиши, масъулиятсизлиги, бюрократияга асосланиш, қоғозбозлик, мажлисбозлик каби замондан орқада қолган бошқарув принциплари қонун устуворлигини таъминлашга салбий таъсир кўрсатадиган жиҳатлар ҳисобланади.

Президент Ш.Мирзиёев ўз Мурожаатномасида “Конституция ва қонун устуворлигини таъминлаш” деган ғоясни илгари сурди. Бу ғоя ижроси давлат бошқарувини тўғри ташкил этишни таъминлайди. Шунинг баробарида у инсон ҳуқуқ ва эркинликларини амалда таъминлаш, одамларда келажакка ишонч ҳиссини кучайтириш, демократик қадриятларни кенг жорий этиш, давлат ва жамият бошқарувида ҳар бир кишининг иштирокини таъминлаш, муаммолар ечимини кўрсатиб берадиган қонун ҳужжатларини қабул қилиш, мамлакатимиз ўз зиммасига олган халқаро-ҳуқуқий мажбуриятларини виждонан бажариши, мамлакатимизнинг халқаро нуфузини янада оширишга, ҳуқуқий давлатнинг пойдеворини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Бобоқул ТОШЕВ,

юридик фанлари доктори.