Қонунга хилоф ишлар кимсага наф келтирмайди

Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университети ҳузуридаги педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш минтақавий марказида вилоят прокурори ёрдамчиси И.Равшанов, университетнинг ҳуқуқшунослик факультети доценти Д.Қурбонов билан “Биз коррупцияга қаршимиз!” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.
Профессор-ўқитувчилар ҳамда тингловчилар иштирок этган тадбирда прокурор ёрдамчиси вилоятдаги корупциявий жиноятлар, хусусан, таълим соҳасидаги коррупция билан боғлиқ ҳолатлар ва уларнинг олдини олиш ҳақида сўз юритди.
- Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрусида”ги Қонунда жамиятни емирувчи ушбу иллатга қарши курашиш соҳасидаги муносабатлар қатъий тартибга солинган, - деди Д.Қурбонов. - Жорий йилнинг 5 март куни Президентимиз Коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий кенгашнинг кенгайтирилган йиғилишида қонунда белгиланган устувор вазифалар ижросини таъминлаш, коррупцияга қарши курашиш бўйича янги тизимни жорий этиш, масалага жамоатчилик, парламент ва фуқаролик жамияти институтларини кенг сафарбар қилиш масалаларини илгари сурди.
Давра суҳбатида давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 21 апрелдаги “Коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш бўйича белгиланган устувор вазифалар ижросини самарали ташкил этишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ҳамда фармонда белгиланган топшириқлар ижросини таъминлаш бўйича ишлаб чиқиладиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар мазмун-моҳияти, амалий чора-тадбирлар дастури ҳақида тушунчалар берилди. Иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.