Қора қозон ва тоза қозон

Болалигимда гувоҳ бўлганман. Қишлоғимиз чеккасидан унча катта бўлмаган сой оқиб ўтарди. Сойнинг ясси тошлари устида уй бекалари қозонларни қум, ялпиз поялари билан тозалаб ювиб туришарди.

 – Онажон, ўчоққа осиб, овқат пиширганингизда яна қоп-қора бўлади-ку! – дердим ажабланиб.

– Эй, ўғлим, бу ўтин олови қораси, қозон қораси эмас, қозон ҳеч қачон қора бўлмаган. Уни  тоза сақлаш, бола-чақани ҳалол луқма билан боқиш ота-боболардан қолган удум, – дерди   волидам.

Қозоннинг хосияти бор. Авлод-аждодларимиз, аҳил-иноқ, қўшни бўлиб яшаганлар. Тансиқ таом пиширишганда қўни-қўшнига ҳам илинишган. Меҳмонлар, мусофирлар ҳам баҳраманд бўлган. Қўшнилар ҳам қараб туришмаган, улар ҳам овқат чиқариш баҳонасида қўшниларнинг ҳол-аҳволидан хабардор бўлишган. "Бор товоғим – кел товоғим" қўшничилик ва меҳр-оқибат ришталарини мустаҳкамлаган. Кексаларимиз ҳозирда ҳам кўча-кўйда ҳол-аҳвол сўрашиб қолишганда, "Худога шукур, қора қозон қайнаб турибди", – деб жавоб беришади. Бу  жавоб замирида катта ҳикмат – тинчлик-хотиржамлик, шукрона, соғ-саломатлик мужассам.

Мана, халқимиз асрлар орзу қилган мустақилликка эришди. Ҳалол меҳнат қиламан, тадбиркорлик билан шуғулланаман, деган юртдошларимизнинг кўкрагига шамол тегди, турмуши фаровон, оиласи тинч.

Афсуски, қора қозонимни қайнатиб, бола-чақамни боқаман, деб давлат ва халқ мулкига кўз олайтириб, жиноятга қўл ураётганлар ҳам учраб турибди. Улар давлатимиз яратиб бераётган шароит ва имкониятларни суиистеъмол қилиб, тоза қозонларига доғ туширишяпти. Истагимиз, қозонимиз ҳамиша тоза бўлсин.

Машраб Али.