Қоракўлчилик илмий-наслчилик тажриба станцияси ташкил этилади
Мамлакатимиз ҳудудининг ярмидан кўпроғини чўл ва ярим чўллар ташкил қилади. Бу ҳудудлардан фақатгина қоракўл қўйлари, туя ва эчкиларни урчитиш мақсадларида фойдаланиш мумкин, холос.
Президентимизнинг 2019 йил 16 августдаги “Қоракўлчилик тармоғини комплекс ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қоракўлчилик тармоғини ривожлантиришга тўсиқ бўлиб турган муаммолар ечими ва соҳа истиқболини белгилаб берди.
Қарорда қоракўл қўйлари бош сонини кўпайтириш бўйича режалар ижросини таъминлаш юзасидан тизимли мониторинг ташкил этиш, қўйларнинг биологик салоҳиятидан фойдаланиш, серпушт қўйларни урчитишда инновацион технологиялардан рационал фойдаланиш тартиблари белгиланди.
Қоракўлчиликни ривожлантириш орқали унга қайта ишлов беришнинг замонавий услубларини қўллаш назарда тутилиб, қоракўл, гўшт, жун, пўстинбоп тери ва бошқа маҳсулотларни ишлаб чиқишда ресурс тежамкор технологиялар жорий қилиш назарда тутилган. Шунингдек, сурувларда совлиқлар салмоғини зоотехникавий меъёрлар (65-70 фоиз) даражасига етказиш, ўстиришга қолдирилган қўзиларнинг 40 фоизидан кўпроғини урғочи қўзилар ташкил этиши, қоракўл сифатига жавоб бермайдиган зотларни босқичма-босқич янгилаб бориш вазифалари қўйилган.
Барчага аёнки, хўжаликларда мустаҳкам озуқа базасини яратмасдан туриб, қоракўл қўйларни кўпайтириб бўлмайди. Бунинг учун хўжаликларнинг ҳар бир отари негизида талаб этиладиган озуқа билан таъминлай оладиган сунъий яйловлар, қўйларни озиқлантириш ва гўшт контенгентидаги қўйларни бўрдоқилаш учун озуқа ишлаб чиқариш кластерларини ташкил этиш лозим. Бундай кластерлар озуқабоп ўсимликларнинг вегетация даврини ҳисобга олиб, уни йиғиб олиш ва мини цехлар ташкил қилган ҳолда яйлов ўсимликларини тўйимли озуқа моддалари билан бойитилган тўла қийматли гранулалар ишлаб чиқариш, хўжаликлардаги сурувлардан ташқари аҳоли қарамоғидаги қўйларни ҳам тўйимли озуқа билан таъминлаш имконини беради.
Ҳужжатда келтирилган яна бир муҳим жиҳат, хўжаликлардаги яйловлар ҳосилдорлигини оширишнинг муҳим шарти сифатида тизимни модернизация қилиш белгиланган. Шунингдек, яйловларда алмашлаб экишни жорий этиш тизимини ишлаб чиқиш назарда тутилган. Бу билан яйлов ўсимликларининг пайҳон бўлиши ва яйловларнинг деградацияланишининг олди олинади, яйлов ўсимликлари кўпайишига имкон яратилади.
Мирзоҳид ИСМОИЛОВ,
Қоракўлчилик ва чўл экологияси илмий тадқиқот институти катта илмий ходими.