Қоракўлчиликда Нурободнинг ўз ўрни бор
Ўтган ҳафта ёққан қор ва кейинги ёмғирли кунлар, гарчи, инсон табиат олдида ожиз бўлса-да, ҳар кимга турлича таъсир қилди. Уйда ўтирганлар учун бу айни муаддо бўлса, шу кеча-кундузда дала юмуши бор деҳқону боғбонлар бироз танг бўлгани ҳақиқат.
Ўзларининг таъбири билан айтганда, осмонга қараган дашт, чўл ҳудудлар аҳолиси бу қор ва ёмғирни барака, деб қабул қилди ва ҳар йилгидан кўпроқ лалми майдонларда уруғ қадаш, чорва бош сонини кўпайтиришни кўнглига тугди. Жумладан, нурободликлар бугун ана шундай кайфиятда.
– Бугун дунёдаги вазиятни ҳаммамиз кўриб, эшитиб турибмиз, – дейди Нуробод туманидаги қоракўлчиликка ихтисослашган “Тим-Ағрон чорвадорлари” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Низомжон Норқораев. – Юртимизда ҳам коронавирус кенг тарқалиб кетишининг олдини олиш бўйича зарур чоралар кўриляпти. Мутахассислар бу касалликка чалинмаслик учун аввало, хотиржам бўлиш, уйда қолиш ва шахсий гигиена қоидаларига амал қилиш кераклигини айтяпти. Бизнинг чорвадорлар ҳам бу талабга қатъий амал қиляпти. Уйда ўтирмаган бўлса-да, отарни дала-даштга олиб чиққанда, шахсий гигиенага риоя қиляпти. Керакли воситалар билан таъминлаганмиз. Муҳими, ўттиздан ортиқ оилавий пудратчиларимиз, чўпонларимизнинг кайфияти яхши. Чунки икки йилдан буён қиш ва баҳорнинг серёғин келаётгани далаларимизга, чорвамизга барака берди. Бу йил ҳам қўзилатиш мавсумини муваффақиятли якунлаш арафасидамиз. 2300 дан ортиқ совлиқдан юз фоиз маҳсулот олиб, 95 фоизини ўстиришга қолдиряпмиз. Яйловларимизда бу йил ўт яхши, чорва озуқасида муаммо йўқ. Одамларнинг кўнгли тўқ, Худо хоҳласа, бу синовлардан эсон-омон ўтиб оламиз.
Бугунги кунда Нуробод туманида масъулияти чекланган жамият шаклидаги 6 та қоракўлчилик хўжалигида 77 мингдан ортиқ қўй парваришланмоқда. Бундан ташқари, чорвачиликка ихтисослашган 129 фермер хўжалиги гўшт ва сут етиштириш йўналишида фаолият олиб бормоқда. Туман ҳокимининг ўринбосари Абдурашид Дўстмуродовнинг қайд этишича, 2019 йил бешта фермер хўжалиги Қозоғистондан 2,5 минг бош наслли қўй олиб келди. Бу йил уларнинг ҳар биридан бир бошдан қўзи олинди. Бундан ташқари, “Самарқанд милк” масъулияти чекланган жамияти Германиядан 600 бош наслли қорамол олиб келиб кўпайтирмоқда. Айни пайтда туманда қоракўлчилик хўжаликларида туёқ сонини ошириш, сифатли маҳсулот олиш мақсадида наслчилик ва чорва озуқа базасини бойитишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
– Ўтган йил ва бу йилги ёғингарчилик чорвачиликни ривожлантириш, аввалги йиллардаги йўқотишлар ўрнини қоплаш учун жуда катта имконият бўлди, – дейди тумандаги “Нурли эл чорвадори” масъулияти чекланган жамияти раиси Тўлқин Раҳимов. – Шундай пайтлар бўлдики, йил қурғоқчил келиб, ем-хашак тўплашни-ку қўйинг, ҳатто яйловларда ҳам ўт унмади. Оқибатда минглаб қўйни сотиб, озуқа жамғаришимизга тўғри келди. Аллоҳга шукр, кейинги икки йилда ёнғирчарчилик яхши бўлиб, яйловларимиз яшнаб қолди. Ўтган йил жамғарган дағал хашак ҳозиргача бор. Насиб этса, бу йил ҳам озуқа мўл бўлиши кутилмоқда. Бундан ташқари, Қоракўлчилик ва чўл экологияси илмий-тадқиқот институти олимлари билан ҳамкорликда яйловларимизда чорва учун кўп йиллик ўсимликлар экяпмиз. Мисол учун, 2013 йилда 25 гектар майдонда чогон, изен, терескен эккандик. Бу хўжалигимизнинг дағал озуқага бўлган эҳтиёжини бирмунча қоплади.
Табиий яйловлардан тўрт баробар кўп озуқа беряпти. Бу йил яна 10 гектар ерда шу ўсимликни экмоқчимиз. Шунингдек, коврак экишни ҳам бошладик. Коврак чорвага озуқа бўлиш билан бирга тиббиёт учун ҳам қимматли хомашё ҳисобланади. Бу чоралар биринчи навбатда, яйлов инқирозининг олдини олишга, қолаверса, чорва бош сонининг кўпайиши ва маҳсулдорлигининг ошишига ёрдам беради. Қўйларни озуқа жамғариш учун сотмасак, бу янада кўп гўшт, қоракўлтери, жун дегани. Ишлаб чиқариш кўпайса, иш ўрни ҳам кўпаяди, оилавий пудатчиларимизнинг манфаатдорлиги ошади, элимиз дастурхона тўкин бўлади. Ҳозирда жамиятимизда 20 минг бош қўй, жумладан 14 минг бош совлиқ бор. Бу йил озуқа базасини етарли даражада жамғариш ҳисобига чорва бош сони камида 1000 тага кўпаяди. Шунингдек, якунига етаётган тўл мавсумида ҳам 13,5 мингдан ортиқ қўзи олиб, тўлиқ ўстиришга қолдиряпмиз.
Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 14 мартда қабул қилинган “Қоракўлчилик соҳасини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ва соҳага оид бошқа ҳуқуқий ҳужжатлар мазкур тармоқда тўпланиб қолган муаммоларни бартараф этиш, наслчилик ишларини илмий асосда йўлга қўйиш ва жаҳон бозори талабларига жавоб берадиган сифатли қоракўлтери етиштириш имкониятини кенгайтирди.
– Бугун қоракўлчиликда сунъий уруғлантириш ва наслни сақлаб қолишга жиддий эътибор бериш керак, – дейди Тўлқин Раҳимов. – Бу борада Қоракўлчилик ва чўл экологияси илмий-тадқиқот институти олимлари билан ҳамкорликда ишлаяпмиз. Чунки ўзимизда ҳам, хорижда ҳам қоракўлтерига талаб ошиб бормоқда. Айниқса, сур қоракўлтерисининг харидори жуда кўп. Шу сабабли биз ҳам келгуси беш йилда сур рангли, қалам гулли қоракўлтери етиштиришни режалаштирганмиз.
Ғолиб ҲАСАНОВ.