Ўзбекистон ёшлари Гиннес рекордини янгилади, унда самарқандликлар ҳам иштирок этди

18 август куни “Янги Ўзбекистон” боғида 2 000 нафар ёш муҳандис бир вақтда 1946 та кичик робот йиғиб, Гиннес рекордлар китобида Ўзбекистон номини қайд этишди.

Тарихий натижа кўрсатган ёшларнинг 80 нафари Мирзо Улуғбек номидаги Самарқанд давлат архитектура-қурилиш университети талабаларидир.

– 18 август тарихга “Гиннес рекорди” янгиланган кун сифатида кирди, – деди университетнинг 2-курс талабаси Бекназар Абдукаримов. - Республикамизнинг 12 вилоятидан келган 2000 нафар талаба-ёшларнинг кўнглига бу кун бирдамликни жойлади. Хорижий вакилларга Ўзбекистон ёшларининг кучи, дўстоналиги ва бирдамлигини исботладик. Бундан ташқари, ўзим Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов, "Заковат" билимдони Хушнудбек Худойбердиев ва яна бир қанча Ўзбекистоннинг таниқли шахслари билан фаол мулоқотда бўлдим ва фикр алмашдим.

– Ўша куни пойтахтимизда 2000 та куч бир мақсад учун бирлашди, - дейди 2-курс талабаси Қувончбек Убайдуллаев. - Ушбу тадбирдан бир дунё таассурот олиб қайтдим. Биз, ёшлар учун иложсиз нарсанинг ўзи йўқ экан. Бир куни Гиннес рекордини янгилашда иштирок этаман, илгари фақат телевизор орқали кўрган Гиннес рекордлари китоби консультанти доктор Карл Шукерни ўз кўзим билан кўраман, деб ҳечам ўйламаган эдим.

Иқтидорли талаба-ёшларни қўллаб-қувватлаш учун университет ректори Чидем Туркйилмаз ҳам мазкур тадбирда иштирок этди.