Қоракўлчилик-фан асосида ривожланади
Кўклам келди. Олдинда чорвачиликнинг масъулиятли палласи - қўзилатиш мавсуми. Хўш, бу мавсумни намунали ўтказиш учун қандай чоралар қўллаш керак? Нуробод туманидаги Самарқанд вилоят қоракўлчилик маркази ҳамда “Нурли эл-чорвадори” масъулияти чекланган жамияти базасида ўтказилган ўқув-амалий семинар шу юмушга бағишланди.
Қишлоқ хўжалигида йилнинг дастлабки ҳосили қоракўлчилик соҳасида олинади. Қишнинг изғирин ва аёзли кунларидан беталафот олиб чиқилган совлиқлар март ойида қўзилашни бошлайди. Қоракўлчиликда ушбу мавсум энг масъулиятли ва синовларга бой палла ҳисобланади.
Март ойида ўтказиладиган мавсум давомида об-ҳавонинг турли ноқулайликлари, баъзан совуқ, баъзан серёғин кунлар кўп бўлиб, совлиқлардан соғлом ва дуркун қўзи олиш чўпон-чўлиқлар учун машаққатли тадбир ҳисобланади.
Республика Пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш қўмитаси ҳамда “Қоракўлчилик” уюшмаси ташаббуси билан жойларда қўзилатиш мавсумини намунали ўтказишга бағишланган ўқув-амалий семинарлар бўлиб ўтмоқда.
Шундай тадбир Нуробод туманидаги Самарқанд вилоят қоракўлчилик маркази ҳамда “Нурли эл-чорвадори” масъулияти чекланган жамияти базасида бўлиб ўтди.
Семинарда Жиззах ва Самарқанд вилоятларидаги қоракўлчилик хўжаликлари ва кластерлар раҳбарлари, чорва, наслчилик бўйича мутахассислар, ветврач ва веттехниклар иштирок этди.
“Қоракўлчилик” уюшмаси раисининг илм-фан бўйича ўринбосари, Қоракўлчилик ва чўл экологияси илмий-тадқиқот институти директори Н.Бобоқулов, пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш қўмитаси Самарқанд ҳудудий бошқармаси бошлиғи Ё.Жўраев, Самарқанд вилояти ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Э.Тошмуродов ва бошқа мутахассислар томонидан қоракўлчилик хўжаликлари ва кластерлар масъулларига зарур тавсия ва маслаҳатлар берилди.
– Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 2 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикасида пиллачилик ва қоракўлчиликни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони асосида республикамизнинг яйловларга эга барча ҳудудларида озуқа базасини яратган ҳолда майда шохли наслдор молларни кўпайтириш, шунингдек, мол сўйиш, тери ва жунни қайта ишлаш, гўшт-сут маҳсулотлари, ярим тайёр ва тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш мақсадида қоракўлчилик кластерлари ташкил қилинди, – деди Н.Бобоқулов. – Мазкур кластерлар Қоракўлчилик ва чўл экологияси илмий-тадқиқот институти ҳамда Бухоро чўл-яйлов озуқабоп ўсимликлар уруғчилиги илмий-ишлаб чиқариш маркази билан яқиндан ҳамкорлик қилиши белгилаб қўйилган. Бундан ташқари, институтимиз ходимлари қоракўлчилик билан шуғулланувчи вилоятларга илмий ёрдам кўрсатиш мақсадида бириктирилди. Бугунги семинаримиз ана шу ҳамкорлик натижаси сифатида ташкил этилди ва соҳа истиқболи юзасидан ишлаб чиқарувчилар, қоракўлчилар билан ўзаро фикр алмашдик.
Семинарда илм-фан ва ишлаб чиқаришни интеграциялаш, мавжуд илмий ишланмаларни ишлаб чиқаришга жорий этишга келишиб олинди.
Зафар Қиличев.