Қоракўлчилик наслчилиги соҳасида испаниялик олимлар билан ҳамкорлик қилинади
Испаниянинг “OVIGEN” ва “WES” компаниялари раҳбар ва вакиллари Самарқанд ветеринария медицинаси институтига ташриф буюрди.
Ушбу компаниялар Испания Қироллигининг наслчилик ва генетика соҳасида етакчи корхоналаридан ҳисобланади ва улар яратган қўй (АSSAF) зоти маҳсулдорлиги юқорилиги билан ажралиб туради. Компания генетика соҳасида катта тажрибага эга ва бугунги кунда дунёнинг кўплаб мамлакатларга уруғ ва эмбирионларни экспорт қилади.
- Бизда бу соҳа анча ривожланган, - дейди Испания Наслчилик ва генетик такомиллаштириш марказининг ветеринария ва репродукция бўлими директори Хосе Мануел Васкес Эрнандес. - Мамлакат иқтисодиётида хусусий тармоқ улуши давлатникидан катта, эркин рақобат муҳити шаклланган ва бу ҳолат чорвачилик ривожига ижобий таъсир кўрсатади. Чорвачиликда генетика ва наслчиликнинг илмий асосларини ривожлантирмасдан самарали фаолиятни таъминлаш имконсиз. Бунинг учун эса замонавий лабораториялар, малакали мутахассислар ҳамда бозор иқтисодиёти қонунларига асосланган соғлом рақобат муҳити зарур.
Меҳмонлар институт фаолияти билан ҳам танишди. Таълим маскани салоҳияти, ўқув ва илмий лабораториялар, профессор ўқитувчиларнинг илмий изланишлари ҳақида маълумотга эга бўлди.
Ташриф давомида ҳудудларда майда шохли наслдор моллар етиштириш билан шуғулланувчи қоракўлчилик наслчилик жамиятлари, наслчилик илмий тажриба станциялари ҳамда кластерлар фаолияти ўрганилиб, соҳада амалга оширилаётган селекция ишлари ва тажрибалар муҳокама қилинди.
СамВМИ ахборот хизмати.