Қорин “авторитет” эмас, балки касалликдир

Эрталаб ишга келаётиб, кўчада ўз манзиллари томон шошиб кетаётган одамларга разм солдим. Шу ҳар уч кишидан бирининг “думалоқ қорни” бор экан. Ҳатто, ўспиринларнинг ҳам қаппайиб қолган қоринчалари билан юришига нима дейсиз?

Сўнгги йилларда семизлик касаллигига чалинганлар сони ортиб бораётганини кўриш мумкин. Айримлар ғурурланиб, ҳатто қорнига шаппатлаб уриб, «авторитет» деб қўйишади. Хўш, ҳақиқатан ҳам қорин “авторитет”ми?

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларга кўра, жаҳонда бир миллиарддан ортиқ одамда ортиқча вазн бор. Шундан 380 миллионга яқини ўсмирлар ва болалардир.

Дунёда ҳар йили 3 миллионга яқин одам семизлик оқибатида вафот этади. Ортиқча вазн юрак, жигар, буйрак, бўғимларга салбий таъсир қилиши оқибатида қандли диабет, юрак-қон томир касалликлари, гипертония каби касалликлар келиб чиқади. Коронавирус пандемияси даврида ҳам айнан ортиқча вазнли кишиларда касаллик оғирроқ кечгани қайд этилди. Айниқса, калорияли таом ва камҳаракатлилик туфайли болаликдан семизликка чалиниш ҳолатлари кўпайиб бормоқда.

Президентнинг 2020 йил 30 октябрдаги «Соғлом турмуш тарзини ҳаётга кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонига кўра, давлат органлари ва ташкилотларида соғлом турмуш тарзи ва оммавий спортни ривожлантириш мақсадида «Спорт тарғиботчиси» вазифасини жорий қилиш ва унинг иш ҳақига 20 фоиз миқдорда устама белгилаш йўлга қўйилиши айтилган. Шунингдек, аҳолини кунлик юриш ва югуришга тарғиб қилиш мақсадида «Соғлом турмуш тарзи» платформаси яратилган эди. Аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишда юриш, югуриш, мини-футбол, велоспорт, бадминтон, стритбол, «Workоut» каби спорт турларининг аҳамияти катта.

Шаҳар ва туманларда «Саломатлик йўлаклари» қурилди. Бироқ унда юрадиганлар сони кам.

Табиийки, куни билан компьютер қаршисида ўтириб ишлаётган ходимлар, раҳбарлар ортиқча ҳаракат қилмайди. Бундай носоғлом турмуш тарзи кўпчилик учун одат.

Ҳар бир ташкилот раҳбари ўз вазнига аҳамият бериб, пиёда ва велосипедда юришда ўрнак бўлиб, ходимларини ҳам спорт билан шуғулланишга жалб қилиши керак.

Ижтимоий тармоқларда «Автомобилсиз кун» ташкил этилганлиги ҳақида гаплар тарқалганди. Бир қанча мутасадди раҳбарлар аҳолини пиёда ва велосипедда юришга ундаганди. Аммо бу ташаббус ҳам узоққа бормади.

Дилмурод Тўхтаев.