Қозоғистон 5 октябрдан янги мамлакатлар билан парвозларни тикламайди

Қозоғистон 5 октябрдан бошқа мамлакатлар билан парвозларни қайта тиклашни вақтинча тўхтатиб қўяди. Бу ҳақда Sputnik Қозоғистон хабар қилмоқда.

“Қозоғистонга инфекция олиб кирилишининг олдини олиш мақсадида идоралараро комиссия жорий йил 5 октябридан қуйидаги қарорга келди: бошқа мамлакатлар билан авиақатновларни қайта тиклашни вақтинча тўхтатиб қўйиш, авиақатнов тикланган мамлакатлар билан рейслар сонини кўпайтирмаслик, Туркияга рейслар сонини қисқартириш”, деди мамлакат соғлиқни сақлаш вазири Алексей Цой.

Авиақатнов тикланган мамлакатлардан келаётганлар учун қуйидаги мажбурий талаблар ўрнатилади: ҳароратни ўлчаш, анкета тўлдириш, сўнгги 72 соат ичида коронавирусга топширилган тест таҳлили.

Агар маълумотнома бўлмаган тақдирда мамлакатга келганлар COVID-19 га лаборатория таҳлилини ўтказиш учун икки кунгача карантин стационарида яккаланади.

Муқобил талаблар ЕОИИ мамлакатлари ва Ўзбекистон билан давлат чегарасини автомобилда ва пиёда кесиб ўтаётганлар учун ҳам қўлланилади.