Қозоғистон Болат Назарбоевдан тортиб олинган 300 минг гектар ерни давлатга қайтарди
Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот идоралари республиканинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоевнинг укаси - Болат Назарбоев ширкатларига тегишли бўлган 300 минг гектарга яқин ерни давлатга қайтарди. Бу ҳақда пайшанба куни Қозоғистоннинг “Аманат” (“Аждодлар васияти”) партияси матбуот хизмати маълум қилди.
“Аманат” партияси ҳузуридаги Давлат бошқарувини ривожлантириш ва коррупцияга қарши курашиш бўйича республика жамоат кенгаши раиси Ерлан Саиров ҳуқуқлари шубҳали тарзда қўлга киритилган ерларни олиб қўйиш жараёни партия томонидан назорат қилинишини таъкидлади. “Унинг таъкидлашича, айни пайтда Болат Назарбоевнинг шўба корхоналарига тегишли Мангистау вилоятида 239 минг ва Жамбил вилоятида 60 минг гектар ер давлатга қайтарилган. Аввалроқ Бош прокуратура билан ҳамкорликда Болат Назарбоев шубҳали шароитда эгасига айланган 244 гектар майдонли 59 та ер участкаси аниқланган”, — дейилади хабарда.
Болат Назарбоев BN Invest холдингига раҳбарлик қилади, шунингдек, “Саликали Урпак” (Олижаноб авлод) жамоат фонди асосчиси ҳисобланади.