Қозоғистон Парламенти Мажлиси Раиси Нурлан Нигматулин бошчилигидаги делегация Самарқандда
Расмий ташриф билан мамлакатимизда меҳмон бўлиб турган Қозоғистон Республикаси Парламенти Мажлиси Раиси Нурлан Нигматулин бошчилигидаги делегация Самарқандга ташриф буюрди.
Меҳмонлар Самарқанд вилояти ҳокими Э. Турдимов томонидан Самарқанд халқаро аэропорти тантанали кутиб олинди. Вилоят ҳокими ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери Н. Исмоилов ҳамроҳлигида меҳмонлар дастлаб Ҳазрати Хизр мажмуасига ташриф буюриб, мамлакатимизнинг Биринчи Президенти Ислом Каримов қабрини зиёрат қилди. Шундан сўнг меҳмонлар Имом Бухорий мажмуасида бўлиб, буюк муҳаддис ҳаёти ва илмий мероси ҳақида маълумотга эга бўлди. Президентимиз Ш. Мирзиёев ташаббуси билан бунёд этилган Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази меҳмонларда катта таассурот қолдирди.
Делегация куннинг биринчи ярмида Амир Темур мақбарасида ҳам бўлиб, Амир Темур ва темурийлар даври тарихига оид манбалар ҳақида маълумотга эга бўлишди.
Қозоғистон Республикаси Парламенти Мажлиси Раиси Нурлан Нигматулин Имом Бухорий мажмуаси ва Амир Темур мақбараларида маҳаллий сайёҳлар билан суҳбатда бўлиб, ташрифнинг мақсади мамлакатларимиз ўртасида мустаҳкамланиб бораётган дўстлик ва ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш эканлигини таъкидлади.
Ташриф давом этмоқда.
Алишер ИСРОИЛОВ.