Қозоғистон учиб келадиган парвозлар бўйича амалдаги чекловларни эълон қилди

Қозоғистон Республикаси Индустрия ва инфратузилмаларни ривожлантириш вазирлиги мамлакатга учиб келадиган парвозлар бўйича амалдаги чекловларни эълон қилди.

«Қозоғистон Республикаси Бош давлат санитария врачининг 2020 йил 15 августдаги 48-сонли қарорига биноан мунтазам халқаро қатновлар учун бир қатор чеклов чоралари ўз кучида қолмоқда.

Хусусан, биринчи тоифага киритилган Хитой, Жанубий Корея, Япония, Грузия, Таиланд, Венгрия, Ҳиндистон, Германия, Чехия, Малайзия, БАА, Беларусь, Туркия, Миср, Украина, Нидерландия ва Россиядан келганлар термометрия ва сўровномалардан ўтади.

Иккинчи тоифадаги Польша, Ўзбекистон, Тожикистондан келганлар термометрия ва саволномадан ўтади. Шунингдек, ушбу мамлакатлар фуқаролари сўнгги 5 кун ичида топширган ПЗР тести натижалари манфий бўлган тақдирдагина Қозоғистонга чекловсиз кира олишади. Сертификат бўлмаган тақдирда, келган кундан бошлаб 48 соат ичида лаборатория синовлари топширади ёки 14 кун давомида карантинда бўлади.

Айни пайтда биринчи ва иккинчи тоифадаги мамлакатлардан ташқари барча мамлакатлар билан мунтазам парвозлар тақиқланган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистон билан мунтазам авиақатновлар расман тиклангани ҳақида хабар берган эдик.