Қозоғовулликларнинг қозони қандай қайнаяпти?

Иштихонлик мухлисимиз Зокир Очиловнинг таклифи билан туманнинг Бешариқ маҳалласида бўлдик. Зокир аканинг айтишича, Қозоғовул қишлоғида яшовчи Майрам момо ва “Ёшлар дафтари” сабаб рўзғорини обод қилаётган йигит-қизлар бошқаларга ўрнак бўлаётган экан.

Майрам момо - маҳалланинг ойиси
Маҳалла ҳудудига кириб бориб, “Майрам момони танийсизми?” деб сўрасангиз кўпчилик “Йўқ”, деб жавоб бериши тайин. Сабаби, онахонни ҳамма “ойи” деб чақиришади.
- Майрам Мусаева 88 ёшга кирган бўлса-да ҳали тетик, - дейди маҳалла раиси ўринбосари Шоҳиста Бозорова. – Кўзлари ўткир. Китоб ўқийди. Араб алифбосида ҳам ўқий олади. Невараларининг дарс тайёрлашида кўмаклашади. Бизга маслаҳатларини бериб туради. Сайлов олди тарғибот тадбирларида “сизга кўчма сайлов қутисини об келамиз, уйда ўтиринг”, десак, “йўқ, ўзим бораман сайловга, тўрт мучам соғ бўлса”, деб койиб берди. У киши маҳалламизнинг ойиси.

“Машинамни “металлом”га топширмайман!”
Майрам Мусаева мактабда еттинчи синфгача ўқиган, аммо китоб ўқишни канда қилмаган. Ёшлигида рўзғор ишларидан ташқари деҳқончилик, паррандачилик, пиллачилик билан шуғулланган. Шунингдек, у машина ҳам бошқарган. Ҳайдовчиликни қўлланмалардан ўқиб ўрганган экан. Машинаси бузилиб қолса, устанинг ҳам кераги бўлмаган.

- Манави турган машинани ўзим ҳайдаганман, - дейди эски “Волга” русумли машина кузовини кўрсатиб ая. – Бузилиб қолганда эҳтиёт қисмларни сотиб олиб келардимда ўзим тузатардим. Суяги қолган бўлсаям “Металлом”га топширмай сақлаб келяпман. Қадрли-да мен учун. Яқинда ўғлимнинг машинаси юрмай қолди. Аккумулляторини қувватлашга қўяётганда “Машинангнинг стартёрида биндикс деган нарса бор, шунинг бир резинчаси бўлади, ўшаниси кетган, алмаштирсанг яхши бўлиб кетади”, десам ишонмади. Устага олиб борса мен айтган гап рост чиқибди.

Онахон ҳаммага бирдек меҳрибон. Келинларига рўзғор юмушларида ҳалигача ёрдам беради. У кишининг қўллари билан букилган чучварани еб, Қозоқовулнинг ёшлари билан ҳам суҳбатлашиш мақсадида йўлга отландик. Майрам момо дуо қилиб, бизни кузатиб қўйди.

Бир дона карам 10 килограмм
Қозоқовуллик ёшлардан бири Холдорхон Баҳодировни 5 йилдан бери ишсизлик муаммоси қийнаб келарди. Шу йил бошида у “Ёшлар дафтари”га киритилиб, масаласига ечим топилгандай бўлди.
Эрта баҳорда Бешариқ маҳалласидаги 98 нафар ёшга 25 сотихдан ер ажратилди. Улар шу пайтга қадар икки марта экин экиб, ҳосил олди. Даромадлари ҳам ёмон эмас.

- Қурилишда оғир меҳнат қилиб, қийналиб юрардим, - дейди Х.Баҳодиров. - “Ёшлар дафтари” бизга имконият яратиб берди. Маҳалламиздаги фермер хўжалиги ер майдонидан 25 сотих ер ажратилди. Биринчи экинга картошка экиб, 4 тоннага яқин ҳосил олдим. Иккинчи экинга 3 минг тупдан зиёд карам экиб, бундан ҳам мўмайгина даромад қиляпман. Карамнинг бир тупидан 5 килодан 10 килогача ҳосил оляпмиз.

Тикувчиликнинг орқасидан дўкон очдик

Саодатхон Ёрқулова тикувчиликка қизиқиши баланд бўлган, аммо замонавий тикув машиналари йўқлиги сабаб кўнгилдагидек кийимлар тиколмасди.

- Туманимиз ҳокими “Ёшлар дафтари”га киритилган йигит-қизлар билан учрашганда қизиқишларимни эшитиб, менга имтиёзли кредит асосида замонавий тикув машинаси берилишини айтди, - дейди С.Ёрқулова. - 2 та тикув машинаси олдим ва фаолиятимни ривожлантира бошладим. Аста-секин даромадимни кўпайтириб, турмуш ўртоғим кўмаги билан дўкон ҳам очдик. Ўзим тайёрлаган аёллар ва болалар кийимларини, турли хил тақинчоқларни шу дўконда сотяпман. Туман марказидаги бозор нархидан анча арзон нархда сотилаётгани учун бўлса керак, чекка қишлоқда бўлишимизга қарамай харидорларимиз кўп.

***

Айтинг-чи, сиз яшаётган қишлоқда ҳам юз билан юзлашаётганлар, арзирли янгиликлар, аҳолини қийнаётган муаммолар борми? Агар бўлса @zarafshonbot манзилимиз орқали “Бир келиб кетинг, қишлоғимизга” деб мурожаат қилсангиз, бас. Биз сизнинг қувончу ташвишларингизга шерик бўлишга тайёрмиз.

Тўлқин Сиддиқов,
Тоҳир Айнақулов Zarnews.uz учун махсус