Қулайликдан қувонган қалблар
Дарсдан сўнг поездга чипта олиш мақсадида вокзалга йўл олдим. Бекатда трамвай турган экан. Охирги бекатлиги учун трамвайлар бу ерда 9 дақиқалик оралиқни сақлаб, бироз тин олади. Вақтдан фойдаланиб, ҳайдовчининг кабинасига бош суқдим.
Ўзини Муҳаммаджон Тошмирзаев, деб таништирган йигит асли тошкентлик, кўп йиллар пойтахтда трамвай бошқарган экан.
– Ишимни яхши кўраман, – дейди у. – Трамвайлар янги, хориждан келтирилган. Салони кенг, ойналари катта, атроф яққол кўринади, бошқариш қийин эмас.
Трамвай оҳиста ўрнидан жилди.
Икки бекат юришимиз билан салон йўловчилар билан гавжумлашди. Улар орасида ёшлар кўпчилик. Сезишимча, аксарияти трамвайнинг доимий йўловчилари. Лицейдаги гуруҳлардан биридаги ўқувчилардан ким трамвайда ўқишга келишини сўраганимда 10 нафарга яқини қўлини кўтарганди.
– Мен вокзал тарафдан келаман, – деди ўқувчилардан бири. – Трамвай жуда катта қулайлик яратди. Чипта нархи арзон. Ўқишга, уйга кечикмасдан, қийналмасдан бориб келяпман.
Лицейда 23 та гуруҳ бор. Трамвай линияси бўйича Сартепа массивида жойлашган ҳуқуқшунослик коллежида 1 минг 720 нафар, туризм коллежида 1 минг 262 нафар ўқувчи таҳсил олади. Бу таълим масканларининг минглаб ўқувчилари трамвай хизматидан фойдаланмоқда.
Маҳаллий аҳоли учун ҳам трамвай хизмати бирмунча қулайлик яратди.
Трамвайдан кузатиб келяпман. Эндиликда бозор ва эски ҳовлилар ўрнида қад ростлаган кўп қаватли уйлар салобат тўкиб турибди. Бу ердаги мусиқа ва санъат мактаби киши эътиборини тортади. Яна озроқ юрсангиз, яқинда фойдаланишга топширилган "Атлас" медиа маркази.
Бу жойдан ўтаётиб, 3 та қурилиш кранига кўзим тушди. Бир пайтлар Самарқанд шаҳрида бунақа кранлар кўринмай қолувди. Борлари ҳам йиллаб ишлатилмасди. Бугун Самарқанд шаҳри ва унинг атрофини айлансангиз, тинимсиз ҳаракат қилаётган юзлаб қурилиш техникаларига кўзингиз тушади. Бу эса шаҳарда катта ҳажмда бунёдкорлик ишлари амалга оширилаётганидан далолат.
Амир Темур ва Буюк ипак йўли кўчалари туташган чорраҳани самарқандликлар "Микрорайон ҳалқаси" деб аташарди. Энди бу халқа йўқ, номи қолди, холос. Сартепадан келаётган трамвай темирйўл вокзалига қараб бурилади. Кўп қаватли уйлар, "Регистон" супермаркети, ажиб меъморчилик услубида қад ростлаган "Самарқанд" чойхонаси ва бошқа иншоотлар бир-бири билан уйғунлашиб кетган.
Трамвай Буюк ипак йўли бекатида тўхтади. Чамамда 10-12 киши тушган бўлса, кўпроқ йўловчи чиқди. "Дамариқ" бекатида эса бу ҳолат бир неча ҳиссага кўпайди. Барча ўзининг манзили томон ошиқарди.
"Дамариқ" бекати билан "Тарих музейи" бекати оралиғи беш юз метр атрофида. Илгари бу жойда автомобиллар бир томонлама ҳаракатланарди. Буюк ипак йўли кўчасидан вокзал томон юрмоқчи бўлсангиз икки кўча айланиб, сўнгра Беруний кўчасига чиқишингиз ва вокзал тарафга юришингиз зарур эди.
Эндиликда кўчанинг бу қисми кенгайтирилиб, икки томонлама автомобиль қатнови йўлга қўйилди. Йўлнинг бу қисми тор бўлиши билан биргаликда, пастқам, кўримсиз, асосан, бир қаватли хўжалик моллари дўконларидан иборат эди. Дўконлар торлигидан сотувчилар товарларнинг маълум қисмини пиёдалар йўлагига чиқариб олар, бу эса тирбандликни юзага келтирарди.
Қисқа вақт ичида бу ердаги манзара тамоман ўзгарди. Кўча кенгайтирилиши муносабати билан кўримсиз дўконлар бузилди. Уларнинг ўрнида 5 та уч-тўрт қаватли иншоот қад ростлади. Яна 2 та 9 қаватли ва 4 та кўп қаватли бино барпо этилмоқда.
Атрофни кузатиб борарканман, йўналишни ўзига хос туристик маршрут, деб атагим келди. Самарқандлик мезбон меҳмонини трамвайда айлантирса, шунинг ўзиёқ замонавий шаҳарсозлик ҳақида меҳмонда катта таассурот уйғотади. Агарда шу йўналишдаги Ўзбекистон маданияти тарихи давлат музейига кириб ўтилса, ўтмишга, ота-боболаримизнинг ақл-заковати, турмуш тарзидан ҳикоя қилувчи нодир манбалар дунёсига саёҳат қилади. Негаки, бу маърифат даргоҳи мамлакатимиздаги энг нуфузли музейлар сирасига киради. Унинг кўргазма залларида 235 мингдан ортиқ экспонатлар мавжуд бўлиб, уларнинг 25 мингтаси ноёб саналади.
Республикамиз Президенти ўтган йилнинг 15 апрель куни мана шу бекатдан темирйўл вокзалигача трамвайда бориб, трамвай қатновининг очилишида иштирок этган эди.
Трамвай маршрутининг узунлиги 7,2 километр экан. Жами 14 та бекат бўйлаб бу масофани 20 дақиқада қандай босиб ўтганимизни сезмай ҳам қолибман. Қаршимда салобатли Самарқанд темирйўл вокзали турибди.
Бу ердан шаҳарга кириб келаётган меҳмонларнинг охири кўринмайди. Ҳар куни неча юзлаб сайёҳлар, хорижликлар шу ердан қадимий кент заминига оёқ қўядилар. Тезюрар "Афросиёб" поездининг қатнови меҳмонлар оқимини бир неча ҳисса оширди. Шунга монанд вокзал биноси ва унинг атрофида кўплаб қурилиш ва ободончилик ишлари қилинди. Айниқса, вокзалнинг ўзида йўловчилар учун яратилган шароитлар диққатга сазовор. Кутиш заллари, поездга чиқиш ва тушиш йўлаклари ҳар жиҳатдан қулай. Экилган турфа дарахтлар, анвойи гуллар майдон чиройига чирой қўшди. Вокзал ҳудудидаги боғга кирсангиз, баҳри дилингиз очилади.
Вокзалдан шаҳар томон чиқишингиз билан илк дуч келадиганингиз Рудакий ва Беруний кўчалари кесишадиган чорраҳа. 4-5 йил илгариги ҳолатни кўрган киши бугун бу жойни мутлақо таниёлмайди. Чорраҳадан Сиёб бозори томон кетадиган Рудакий кўчасининг чап томонидан қурилиши янгидан бошланган кўп қаватли уйлар, уларнинг ўзига хос меъморий бичими кишининг ҳавасини келтиради. Бу уйларнинг ҳар бири ўртача 100-120 оилага мўлжалланган. Шу атрофда бир йил ичида бундай уйлардан ўндан зиёди қурилди ва яна янгилари қад ростламоқда. Энди уларга қанча оилалар кўчиб кириб, яшашини тасаввур қилиб кўринг-чи. Эртага уларнинг ҳам аксарияти трамвай йўловчилари сафига қўшилиши турган гап.
– Яшайдиган уйим билан иш жойим трамвай маршрутидаги ҳудудда жойлашган. Деярли ҳар куни шу транспорт воситасидан фойдаланаман, – дейди йўловчи аёллардан бири ёнидаги жувонга юзланиб. – Жуда қулай бўлди-да. Кўп кутмайсиз.
Трамвай ичи иссиқ, шинам, чиқиб-тушиш осон.
– Нимасини айтасиз, – дейди иккинчи суҳбатдош. – Мен ҳам, болаларим ҳам кўпинча трамвайдан фойдаланамиз. Эрталаб соат 6:00 дан кечаси 11:00 гача қатнаркан. "Темирйўл вокзали – Сиёб бозори" йўналиши ҳам битиб қолибди. Яқинда ишга тушаркан.
Темирйўлчилар илк иш бошлаган кезларда трамвай линияси қурилса, кўчалар автомашиналар учун тор бўлиб, қатнов қийинлашиб кетмасмикан, дегувчилар ҳам бор эди. Бундай гап-сўзлар кўп марта қулоққа чалинганига гувоҳ бўлгандик. Темирйул битиб, трамвай қатнови йўлга қўйилгач, бу шубҳа-гумонларнинг бари беҳуда эканлиги кундек равшан бўлди. Йўл сираям тораймади, аксинча, асфальт йўллар тўлиқ таъмирланди ва кенгайди.
Темирйўл вокзалидан Сартепа томон қайтаётиб, ушбу маршрутда кечаси кўрган манзараларим кўз ўнгимга келди. Трамвай линияси тортилган бетон устунларга икки тарафлама ўрнатилган ёритқичлар кўчани чароғон айлаган. Йўлдаги автомашиналар бир зум тинмайди. Алоҳида дид билан қурилган бекатларда одамлар гавжум.
Ҳуқуқшунослик коллежи бекатига келиб, трамвайдаги йўловчилар сони бирмунча камайди. Охирги бекатда бир неча йўловчи трамвайдан тушдик. Бироқ трамвай бир қатновида ўнлаб, балки юзлаб кишиларнинг манзилини яқин қилганига, энг муҳими, ҳамюртларимиз, шаҳримиз меҳмонлари бундан беҳад мамнун эканликларига гувоҳ бўлдим.
Амрилло АҲМЕДОВ,
Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот
технологиялари университети
Самарқанд филиали лицейи
директори ўринбосари.