Қурувчи-тадбиркор фаолияти қандай текширилади?

Вилоят ҳудудий қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекциясида инспекция ходимлари учун Бизнес-омбудсман вакиллари билан ҳамкорликда семинар-тренинг ташкил этилди.

Семинар-тренингда Президентнинг 2024 йил 14 ноябрдаги “Тадбиркорлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони мазмун-моҳияти, ушбу ҳужжат асосида тадбиркорлик субъектларига яратилган енгилликлар ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари тушунтириб ўтилди.

Шунингдек, тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган қурилиш объектларида, кўп квартирали уйларни бошқариш, ичимлик сув таъминоти ва оқова сувларни чиқариш соҳасида назорат тадбирларини ўтказиш тартиби тўғрисида ҳам батафсил маълумот тақдим этилди.

Хусусан,  жорий йил 1 январдан қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияси томонидан тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган текширувлар “Ягона давлат назорати” ахборот тизимида рўйхатга олиш орқали Бизнес-омбудсманни хабардор этган ҳолда амалга оширилади. Текшириладиган тадбиркорлик субъекти аниқ бўлмаган ҳолатларда, шунингдек, фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига, жамоат хавфсизлигига, давлат манфаатларига, атроф-муҳитга зарар етказиш хавфининг тезкор олдини олиш ёки бартараф этиш мақсадида текширув бошлангандан сўнг 24 соат ичида «Ягона давлат назорати» ахборот тизимида рўйхатга олиш зарур. Бунда ҳам Бизнес-омбудсманни хабардор этиш тартиби белгиланган.

Семинар давомида иштирокчиларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоб қайтарилди.