Қуёш панелларини ўрнатиш учун қандай имконият ва имтиёз бор?
- Уйимга қуёш панеллари ўрнатмоқчиман. Уни ўрнатиш учун қандай талабларга риоя қилиш керак?
Мўмин Рашидов,
Иштихон тумани.
- Мамлакатимизда қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш анча самарали. Қуёш энергиясидан асосан икки хил усулда фойдаланилади. Биринчиси – қуёш коллектори ёрдамида сув 150 даражагача қиздирилади, сўнг бинони иситиш ёки иссиқ сув таъминотида фойдаланилади. Иккинчи усул – қуёш энергиясидан электр энергияси олишда ярим ўтказгичли фотоэлемент – қуёш панеллари (қуёш модули)дан фойдаланилади. Панелларни қуёш нури кўп тушадиган бино томларига ўрнатиш самарали ҳисобланади.
Панеллар қуёшдан келаётган радиацияни электр энергиясига айлантиради. Кўп миқдорда энергия олиш учун қуёш радиацияси панель юзасига максимал даражада тик тушиши лозим.
Республикамизда аҳоли хонадонларига кичик қувватли, яъни умумий қуввати 50 кВтгача бўлган қуёш панелларини ўрнатишни рағбатлантириш бўйича «Қуёшли хонадон» дастури амалга оширилмоқда. Сиз уйингизга қуёш панели ўрнатиш учун ушбу дастурдан фойдалансангиз, ютқазмайсиз. Ушбу дастур доирасида аҳоли томонидан қуёш панеллари орқали ишлаб чиқарилган ортиқча электр энергиясининг ҳар бир киловатт соатига 1000 сўмдан субсидия ажратилади.
Саволга «Colar Energi Company» МЧЖ мутахассиси Умид Узоқов жавоб берди.